Ўзбекистон | 16:26 / 09.01.2021
2412
1 дақиқада ўқилади

2021 йилдан гидрометеорология станциялари рақамлаштирилади

Жорий йилнинг 9 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни соҳасини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифаларга бағишланган брифинг ўтказилмоқда.

Брифингда иштирок этаётган Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзод Ҳабибуллаев: “Бу йилда олдимизга қўйилган биринчи мақсадимиз йил охиригача автоматлаштирилган метеостанцияларнинг 80 фоизини, қор кўчки станцияларининг 50 фоизини, агройўналишнинг 34 фоизини рақамлаштириш. Бунинг учун Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида рақамли агрометеорология станциясини жойлаштириш”, дея маълум қилди.

Айтилишича, гидрометеорология хизматининг асосий фойдаланувчиси — давлат ташкилотлари, йирик кластерлар, йирик фермерлар ва албатта инвесторлардан иборат. 2021 йилда гидрометеорология хизмати сифатини оширишга асосий эътибор қаратилса, 2022 йилда давлат маблағларини 30 фоизга камайтириш режалаштирилган. 2021 йилда маълумотларни сотиб олиш жараёнига ўтиш режалаштирилмоқда. Яъни, давлат хизматларидан ташқари хусусий секторни шакллантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ЎзМуда Россия Гидрометеорология университетининг шу йўналишдаги факультети очилади. Янги геопортал тизими тест режимида ишга тушяпти. Бунинг ёрдамида хавфли зоналар, хавфли ҳудудлар бўйича картага олдиндан туширилади ва огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.

Мавзуга оид

Эълонлар