Бюджет кодексига фискал стратегияга оид тузатиш киритилди
Булар нима ва қандай ишлаши ҳақида Бюджет кодексига тузатишларда айтиб ўтилган, деб ёзмоқда Norma.
Молия вазирлиги томонидан ўрта муддатли давр учун фискал стратегия ишлаб чиқилади. Ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олади:
- макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини;
- солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини;
- Консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатларининг солиқ-бюджет сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган прогнозларини;
- келгуси молия йили учун даромадлар ва харажатлар прогнозларини ҳамда улар асосида келгуси 2 йил учун ишлаб чиқилган мақсадли мўлжалларни;
- Давлат бюджетининг бирламчи профицити ёки бирламчи тақчиллиги прогнозларини;
- фискал таваккалчиликлар таҳлилини.
Бунинг учун ваколатли органлар томонидан Молия вазирлигига белгиланган муддатларда зарур ахборотлар тақдим этилади.
Келгуси йил учун янгиланган Фискал стратегия:
- Молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 июнига қадар киритилади;
- Вазирлар Маҳкамасида жорий йилнинг 15 июнига қадар муҳокама қилинади ва тасдиқланади;
- тасдиқлангандан кейин Олий Мажлиснинг палаталарига маълумот учун киритилади ва Молия вазирлигининг сайтида эълон қилинади.
Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар – қайтарилмаслик шарти билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозларидан ошган қисмини қоплаш учун берилади. Улар қуйидаги ҳолатларда белгиланади:
- республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига – Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;
- Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар тасдиқланаётганда.
Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини, қуйи турувчи бюджетларнинг даромадлари прогнозларининг ижросидан қатъи назар, камайтиришга йўл қўйилмайди.
Қонун 31.12.2020 йилдан кучга кирди.