Фан-техника | 23:08 / 21.01.2021
7212
2 дақиқада ўқилади

LG смартфонлар бозоридан кетишни режалаштирмоқда 

LG компанияси смартфонлар ишлаб чиқариш бўйича бизнесини зиён кўраётгани сабабли ёпмоқчи. Бу ҳақда компания раҳбари Квон Бонг-Сокнинг ходимларга йўллаган мактубига таяниб Korea Herald нашри хабар берди.  

Фото: REUTERS/Rafael Marchante

Таъкидланишича, LG Electronics бош директори 20 январда ўз ходимларига мактуб йўллаб, унда компания смартфонлар бозоридан кетмоқчилигидан огоҳлантирган. “Бозорда рақобат жуда юқорилиги сабабли, теран қарор ва энг яхши танловни қилиш вақти келди”, деб таъкидлаб ўтилган мактубда.

Компания раҳбари воқеалар ривожининг уч хил варианти кўриб чиқилаётганини маълум қилган. Булар: смартфонлар ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш суръатларининг қисқартирилиши, мобил бизнеснинг сотилиши ёки унинг тўлиқ ёпилиши. У ходимлар бундан хавотирланмасликларини, чунки барча мутахассислар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз иш ўринларини сақлаб қолишларини айтган.  

Экспертларнинг баҳолашича, охирги 5 йил ичида компаниянинг мобил бўлинмаси кўрган зарар 4,5 млрд долларни ташкил қилган. Манбаларнинг хабар қилишича, агар бўлинма ёпиладиган бўлса, ходимларнинг 60 фоизи компаниянинг бошқа бўлинмаларига ёки ҳамкор фирмаларга ўтказилади. 

Журналистларнинг таъкидлашича, компаниянинг мобил бўлинмаси ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар у янги смартфонлар яратиш бўйича фаол иш олиб бораётган бир вақтда ғалати туюлмоқда. 

Мавзуга оид