Жамият | 19:29 / 21.01.2021
5453
4 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар малакасини оширишда нодавлат сектор давлат муассасаларидан самаралироқ ишлаётгани айтилди

18-19 январ кунлари Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди.

Ўрганиш якунлари бўйича 19 январ куни Бухоро давлат университетида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги педагогларнинг аттестация жараёнларида қайд этаётган натижалари бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда вилоят мактабларидаги олий тоифали педагоглар сони икки баробарга ошган. Бугунги кунда вилоят мактабларида ишлаётган жами 26 минг 145 нафар олий маълумотли ўқитувчиларнинг 1 716 нафарини (6 фоиз) олий тоифали ўқитувчилар ташкил этади. 2018 йилда ушбу кўрсаткич 2,6 фоизни ташкил этарди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг 5 044 нафари (17,7 фоизи) биринчи тоифали, 8 461 нафари (29,6 фоиз) иккинчи тоифали ўқитувчилар ҳисобланади. Бу республика миқёсида бошқа ҳудудларга қараганда яхшироқ кўрсаткич саналади.

Тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев қандай қилиб вилоятда олий тоифали ўқитувчилар улуши қисқа муддатда ошганига изоҳ бериб ўтди.

«Ўрганиш давомида вилоятдаги малакали ўқитувчилар томонидан нодавлат малака ошириш курслари ташкил этилиб, у ерда ўқитувчиларга тоифа синовларига тайёргарлик бўйича курслар ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Ўқитувчилар ҳудудий малака ошириш марказида ололмаган билимларини айнан шу курсларда олишган ва бу курсларнинг натижадорлиги ўқитувчилар томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бу яна бир бор педагоглар малакасини оширишга хусусий секторни кенг жалб этиш ташаббуси тўғрилигининг яна бир исботидир», деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Йиғилишда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолиятида мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, марказда ўқитувчининг малака оширишдан кейинги фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилишнинг мукаммал электрон портфолио тизими ишлаб чиқилмаганлиги, кимё, биология ва физика фанларидан ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмаганлиги, амалий фанлар (технология, тасвирий санъат ва чизмачилик, мусиқа)дан тингловчилар учун амалий машғулотларни ўтказиш учун жиҳозлар мавжуд эмаслиги, аксарият тингловчиларнинг минимум талаб даражасида АКТдан (40-50 фоиз) фойдаланишни ва чет тилини (80-90 фоиз) билмаслиги малака оширишни самарали ташкил этиш имконини бермаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Таълим инспекцияси бошлиғи ушбу марказга янги раҳбар тайинлангани ва юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракатлар бошланганини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилган эди.

Бунда:

халқ таълими ходимлари ўз ихтиёрига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида ёки лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларида малакасини ошириши мумкин;

олий таълим ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларининг педагог кадрлар малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ушбу мақсадлар учун Халқ таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида қопланади.

Мавзуга оид