Шу йилнинг 17 ноябр куни Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги қишлоқлардан биридаги оилада газ портлаши юз берган. Бахтсиз ҳодиса эрта тонгда – соат 5:30 лар атрофида содир бўлган. Бу хабарни Kun.uz'нинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида оиланинг 4 нафар аъзоси: эр-хотин ва уларнинг икки нафар қизи куйиш жароҳатини олиб, РШТЁИМ Бухоро филиалига олиб борилган. Ота ва она 75 фоиздан юқори куйиш жароҳатлари оқибатида вафот этган. Қизларнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда. Оиланинг яна 2 нафар ўғил фарзанди жароҳат олмаган.
Ҳолат юзасидан ФВВ ва Ҳудудгазтаъминот матбуот хизматлари билан боғландик. Улар ҳолатни ўрганиб, расмий изоҳ беришини маълум қилди.
Бош прокуратурага кўра, Бухорода содир бўлган ҳолат юзасидан 22 ноябр куни Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
- Шу йилнинг 22 октябр куни Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида кўнгилсиз ҳодиса юз бериб, газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси вафот этгани маълум қилинган эди.
- Шунингдек, 21 октябр куни Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги хонадонлардан бирида 4 киши газдан заҳарланиб вафот этган, оиланинг яна 4 нафар аъзоси касалхонага ётқизилган эди.











