Навальнийнинг бу галги суриштируви «Путин учун сарой. Энг катта пора тарихи» деб аталади. Суриштирув Германиянинг Дрезден шаҳридан бошланади. Навальний Владимир Путин Германияда ишлаган вақтида яшаган уй ва бино олдида туриб Россиянинг амалдаги президенти Германияда нима иш қилгани ҳақида гапиради. Видео аввалида экранда кўринган титрда Навальний август ойида шахсан Владимир Путиннинг топшириғига кўра «Новичок» билан заҳарлангани айтилади. Шунингдек, 18 январ куни Россияга қайтиши билан қўлга олинган Навальний учун курашиш вақти келгани айтилиб, одамлар 23 январ куни 14:00да кўчаларга чиқишга чорланган.

«Бош қаҳрамон мени қўрқди деб ўйламасин»

Навальний кириш қисмини шундай бошлайди: «Сиз бу видеони кўраётганда мен аллақачон Москвада бўламан. Чунки суриштирувнинг асосий қаҳрамони бўлган инсон (Путин назарда тутилмоқда) унинг энг катта сири ҳақида хорижда туриб гапираётганим сабаб мени қўрқоқликда айблашини истамайман. Бугунги фильмда оддий совет офицери қандай қилиб ақлдан оздирар даражада бойиб кетгани ҳақида ҳикоя қиламиз».

Навальний Путин Германиядаги хизмат фаолияти вақтида яшаганини айтган уй олдида туриб гапирар экан, уни сайёранинг энг бой одами деб атайди. У Путиннинг Германиядаги фаолияти ҳақида шундай дейди: «КГБнинг оддий офицери Владимир Путин Дрезденга 1985 йилда келган. Путин биз у ҳақда «Вау, разведчик!» деб ўйлашимизни истайди, лекин аслида бундай эмас. У КГБнинг ўша даврдаги дўст мамлакат бўлган Шарқий Германиядаги (Германия демократик республикаси) расмий вакили бўлган. Ҳатто яширин бўлинмада ҳам барча танийдиган расмий вакил бўлган. Ҳозир кўпчилик Путиннинг ўша даврдаги фаолиятини романтиклаштириб «У душманнинг ичига сездирмай кирган», деб алқашади, бироқ у мана бу шинамгина бинода ўзи каби қатор бекорчилар билан бирга вақт ўтказган. Улар бир-бирларига совға бериш билан банд бўлишган. Худди ҳозирги каби».

Навальний айни дамда Россиядаги «Транснефт» компанияси раҳбари Николай Токарев ҳам Путин билан бирга КГБнинг Дрездендаги ваколатхонасида ишлаганини аниқлаган. Навальнийнинг айтишича, Токарев Федерал хавфсизлик хизматида (ФХХ) ишлаганини тан олмаган, лекин у истеъфодаги ФХХ генерали экани маълум. Видео давомида Навальний Путин айнан Дрезденда келажакдаги фаолияти пойдеворини қурганини айтади. Унинг иддаосича, Россиянинг амалдаги етакчиси қуйидаги шиорларни ҳаётининг муҳим омиллари деб ҳисоблаган: 1. Доим бир гапни айтиб, бошқасини қил; 2. Коррупция – ишонч гарови; 3. Асосийси, пул ҳеч қачон керагидан ортиқ бўлмайди.