Нотариал палата: Божнинг бир қисми хусусий нотариусларга тўланишида муаммолар қолмаган
Ўзбекистонда нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланишга ўтиши асносида, айрим ҳолатларда ундирилган давлат божидан маълум қисми уларга ўтказилмаган ҳолатлар кузатилди.
Нотариал палатанинг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида палата бош ҳисобчиси Шерзод Усмонов шу ҳақдаги саволга жавоб берди.
«Бу масала бўйича молия вазири билан гаплашдик. Одатда хусусий нотариуслар туширган давлат божининг 80 фоизи маҳаллий бюджетга ўтиши керак, 10 фоизи Адлия вазирлиги тасарруфида қолади. Қолган 10 фоизи нотариусга тушади ва шу 10 фоизнинг 2 фоизи Нотариал палатага аъзолик бадали сифатида ўтади.
Хусусий нотариуслар шахсий ҳисоб рақам очган пайтда, молия бошқармаларида тушунмовчиликлар бўлган. Яъни хусусий нотариусга ўтадиган пул маблағлари эски давлат нотариал идоралари ҳисоб рақамига ўтиб кетган ҳолатлар бўлган. Транзит ҳисоб рақамларига ўтиб кетган пулларни Адлия вазирлиги нотариусларга қайтарган.
Кимнингдир пули қолиб кетган бўлса, декабр ойида Молия вазирлигига бориб гаплашиб келдик, тушмай қолган пулларни жорий тўловлар ҳисобидан нотариусларга ўтказиб берадиган бўлишди. Фақат нотариус бу масалада мурожаат қилиши керак. Буни нотариусларга тушунтирдик.
Нотариусларнинг бир миллиардлаб пуллари транзит ҳисоб рақамида «осилиб қолган» ҳолатлар бўлган. Уларни ҳам тегишли банкларга чиқиб туширтирдик. Ҳозирги кунда бу борада муаммолар йўқ».
Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров масала юзасидан қўшимча қилди.
«Май ойи карантин ва янги тизимга ўтиш даври эди. Бу янги бир тизимнинг ташкил қилиниши ва қийин жараён эди. Бир вақтнинг ўзида 90 фоиздан ортиқ нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланишга ўтди.
Нотариуслар ҳисоб рақамларининг ҳар бири 27та хонадан иборат. Агар ҳисоб рақамда бир сон бошқасига алмашса, бошқанинг маблағи бошқаникига ўтиб кетади. Бошида нотариусларимизнинг ўзлари томонидан тақдим этилган ҳисоб рақамларда ҳам хатоларга йўл қўйилган эди.
Мана, ҳамкорликдаги ишлар натижасида ҳозир деярли камчиликлар қолмади. Бир миллиардлаб ҳам пулларини тушириб бердик. Бундай ҳолатлар менимча ҳозир қўл билан санайдиган даражада қолди холос. Ҳозирда бу борада муаммо йўқ», – деди Дилшод Ашуров.
Мавзуга оид
18:10 / 19.10.2024
Ёлғиз кексаларга ва ногиронларга шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади
12:25 / 01.07.2024
Нотариусга бормасдан амалга ошириладиган нотариал ҳаракат турлари кўпайди
11:57 / 04.04.2024
Энди фарзандни чет элга олиб чиқишда розилик хатини олиш учун нотариусга бориш шарт бўлмайди
20:08 / 01.02.2024