Ўзбекистон | 18:02 / 25.01.2021
33730
5 дақиқада ўқилади

«Senariy»ми ёки «ssenariy»? — «ц» товушли сўзлар имлоси

Ўзбек-лотин алифбосидаги матнларда кўп учрайдиган хатолар ўзбекларга хос бўлмаган «ц» ҳарфи билан боғлиқ. Филология фанлари номзоди, луғатшунос Равшан Жомонов «ц» товушли сўзлар имлоси ҳақида батафсил маълумот берди. 

1940 йилда жорий қилинган кирилл алифбоси орқали ўзбек тилига «ц» деган товуш кириб келган. Ўшандан буён бу ҳарфни кирилл ёзувида қўллай бошладик.

1993 йилга келиб ўзбек лотин алифбосининг жорий этилиши билан мазкур ҳарфни қандай ифодалаш масаласи келиб чиқди. 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган ўзбек лотин алифбосида «ц» ўрнига «c» белгиси қабул қилинди. 1995 йилги ўзгартиришлардан сўнг мазкур ҳарф ўзбек лотин алифбосидан чиқариб ташланди.

Хўш, бунинг сабаблари нима? Биринчидан, «ц» товуши ўзбек тилига хос товуш эмас, чунки «ц» деганда «т» ва «с» товушларини ажратиброқ талаффуз этамиз. «Ц» эса қоришиқ товуш ҳисобланади. Иккинчидан, бу ҳарфни ифодалаш учун «t» ва «s» ҳарфларидан фойдаланиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, 95-йилги вариантдан бошлаб «ц»ни лотин ёзувида 2 хил усулда ёза бошладик.

Филология фанлари номзоди, луғатшунос Равшан Жомонов

Биринчиси, «s» ҳарфи билан. Агар «ц» сўз бошида ва охирида келса, шунингдек, сўз ўртасида ундош товушдан кейин келса, «ц»ни «s» билан ёзиш мумкин. Бунда ўзбеклар нутқига хос талаффуз юзага келади. Масалан:

  • циркуль – sirkul, цирк – sirk
  • герц – gers, абзац – abzas
  • акция – aksiya, концерт – konsert

Иккинчиси, «ц» ҳарфи сўз ўртасида икки унли товуш орасида келса, «ts» шаклида ўгириш керак. Масалан, доцент – dotsent, акация – akatsiya, конституция – konstitutsiya каби. Бу ўринда кирилл ва лотин ўртасида мувофиқлик бор.

Шу билан бирга, истисно ҳолатлар борки, буни ҳам кўриб чиқиш керак. Масалан:

  • антициклон – antisiklon, эпицентр – episentr, геоцентрик – geosentrik.

Ушбу мисоллардаги «ц» икки унли орасида тургандек кўринади, лекин бу ерда нозик бир нарса бор. Бу сўзларнинг ўзагига эътибор қилинса, «циклон», «центр», «центрик» сўзларининг ўзаги, «анти», «эпи» ва «гео» эса олд қўшимча, яъни префикс деб қаралади. Шунинг учун бу ўринларда «ц»ни икки унли орасидаги эмас, балки сўз бошидаги деб қараш керак.

  • сценарий – senariy

Бу сўзнинг имлоси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки кирилл ёзувида рус тилидаги шаклни тўлиқ кўчириб олганмиз. Уни лотин ёзувида кўпинча «ssenariy» тарзида хато ёзамиз. Ваҳоланки, биргина «s» билан ёзиш кифоя. Бу билан ўзбекона талаффузни сақлаб қоламиз ва ноўнғай талаффуздан қутуламиз.

Биз ўзбеклар одатда ёзилганидай ўқийдиган халқмиз. Бу каби сўзлар шаклан эмас, балки талаффузга мувофиқ ёзилади.

  • пицца – pitsa

Тилга янги сўзлар доим кириб келади, ўзлашади, баъзиси эса чиқиб кетади. Шулардан бири — пицца. Итальян ва бошқа европа тилларида бошқа шаклга эга. Биз рус тили орқали қабул қилганимиз сабабли кирилл ёзувида иккита «цц» билан ёзамиз. Лекин талаффузда «тс» деб айтамиз. Шундай экан, ўзбек лотин алифбосида биргина «t» ва «s» билан ёзиш кифоя: pitsa.

Бу каби сўзлар она тилимизга истасак-истамасак кириб келаверади. Фақат уларнинг талаффузга мос ва қоидаларга тўғри шаклини ёзишимиз керак.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади.
Тасвирчи 
 Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид