Янги физика дарслиги яратилди, уни ўзлаштирган ўқувчининг репетиторга эҳтиёжи қолмаслиги керак — мутахассис
Физика фанидан 5–6-синфлар учун яратилган янги дарслик ва қўшимча электрон дарсликка амалиёт, масалалар, лабораториялар киритилган. Лаборатория ишларини виртуал шаклда, анимацион воситалар орқали кузатиш имконияти мавжуд.
Физика фанидан 5–6-синфлар ўқувчилари учун яратилган янги дарслик тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистон радиотехника электроника ва алоқа илмий техника жамияти раиси ўринбосари Муҳсин Муҳиддиновнинг таъкидлашича, таҳлил қилинганда, одатда ўқувчиларнинг физика фанидан билим кўрсаткичи бошқа фанларга қараганда нисбий паст бўлади. Бунга ўқитувчилар савияси ва дарсликнинг мураккаблиги сабаб бўлган.
«Шуни инобатга олиб, физикадан 5–6-синфлар учун янги дарслик ишлаб чиқдик. Дарсликка амалиёт, масалалар, лабораторияларни киритдик. Дарсликни ўқувчи ўқитувчидан тушунмаган ҳолатда китобдан ўқиб тушуна оладиган усулда яратдик», – деди Муҳсин Муҳиддинов 27 январь кунги брифингда.
Маълум қилинишича, янги дарсликка қўшимча тарзда электрон физика дарслиги ҳам яратилган. Электрон дарсликда лаборатория ишларини виртуал шаклда кузатиш имконияти бор. Яъни физик жараёнларни анимацион воситалар орқали кўриш мумкин.
Электрон дарслик молиявий жиҳатдан тежамкор, уни катта аудиторияга етказиб бериш имконияти бор. Ундаги маълумотларни мунтазам равишда бойитиб, тўлдириб бориш ҳам мумкин.
«Худди шунақа усулда қолган юқори синфлар учун ҳам дарслик яратишни режалаштиряпмиз. Электрон дарсликларда масaлалар ечишга намуналар бердик. Мактабда мустақил масала ечиш кўникмасини ўзлаштирган ўқувчи олий таълимга кириш имтиҳонлари учун қўшимча курс ва репетиторларга эҳтиёж сезмаслигини мақсад қилдик», – деди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг физика фани ўқитувчиси Иброҳим Файзиев.
Президент ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги директори Ҳилола Умаровага кўра, тизимдаги мактабларда янги дарслик 5-синфдан жорий қилинган. Синовдан ўтгандан кейин халқ таълими тасарруфидаги қолган мактабларга ҳам тақдим қилинади.
Мавзуга оид
15:16 / 12.12.2024
2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди
18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин
14:50 / 23.10.2024
Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди
15:36 / 08.10.2024