Ўзбекистон | 20:03 / 01.02.2021
6315
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар 3,5 млрд сўмлик телефонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди

Ўзбекистон божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказган тадбирларда йирик миқдорларда ноқонуний телефон айланмаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Биринчи ҳолатда, Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси томонидан Тошкентда аввалдан кузатувга олинган «Малибу» автомобилидаги 3 нафар фуқаро (Н.Э., А.Р. ва Ю.А.) умумий қиймати 550 миллион сўмлик 219 дона уяли алоқа воситаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Яна бир ҳолатда, Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро М.А. ўз бошқарувидаги «Кобальт» автомобили салони ва юкхонасида умумий қиймати 100 млн сўмлик 33 дона қўл телефонларни ноқонуний реализация қилаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, Бектемир туманида кузатувга олинган фуқаро К.М. республикага ноқонуний йўллар билан олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 350 миллион сўмлик 122 дона уяли телефонларни қонунга хилоф равишда сотаётгани фош этилди.

Бошқа бир тезкор тадбир Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Шайхонтоҳур туманида ўтказилди. Тумандаги савдо мажмуасига қарашли омборда божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 2 млрд 205 млн сўмлик 19 турдаги 304 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний равишда сақланаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти Фарғона туманининг чегара олди ҳудудидан кузатувга олинган «Киа-Карнивал» русумли енгил автомобил Қувасой шаҳрида тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомобил салонининг орқа қисмига жойланган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 250 миллион сўмлик, 24 турдаги жами 161 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 3,5 миллиард сўмлик уяли алоқа телефонларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид