Ўзбекистон | 16:32 / 01.02.2021
19629
4 дақиқада ўқилади

«Декрет пули» нега фақат давлат ташкилоти ходимларига тўланиши юзасидан изоҳ берилди

Пенсия жамғармаси раҳбари Абдулазиз Ҳайдаров, манбасидан қатъи назар ҳисоблаб чиқилганда, умумий декрет тўловлари учун харажатлар 4 триллион сўмни ташкил этишини маълум қилди. Аммо бугунда солиқ имтиёзлари кўплиги сабабли хусусий сектордаги шахслар учун ҳам тўловларни киритиш нотўғри, деб ҳисобланмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори Абдулазиз Ҳайдаров 29 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида декрет тўловлари давлат томонидан нега айнан бюджет ташкилотлари ходимларига тўланиши, хусусий сектордагиларга тўланмаслиги сабаблари ҳақида гапирди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бунга бир неча омиллар сабаб қилиб келтирилган.

«Биз манбасидан қатъи назар ҳисоблаб чиққанимизда декрет тўловлари харажатлари 4 триллион сўмни ташкил қиляпти.

Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, уларда махсус ижтимоий суғурта жамғармалари борлиги аниқланди. Пуллар ўша жамғармалар томонидан тўлаб берилади. Ҳозир, биринчи навбатда, бу тўловларни ким томонидан амалга оширилишини аниқлаштиришимиз керак.

Бугунги кунда суғурта бадаллари бекор қилинган. Бунинг манбасини тайин қилиш даркор. Шунча солиқ имтиёзлари берилиб келаётганда биз яна бошқа тўловларни киритишимиз унчалик тўғри бўлмайди, деб ўйлаймиз. Шунинг учун 2021 йилнинг охиригача муддат олганмиз. Қонун ишлаб чиқилиб, бу тизим жорий қилинади», – деди жамғарма раҳбари.  

Шунингдек, Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов ҳам мазкур мавзуга тўхталиб ўтди.

«Декрет пуллари ёки бўлмаса вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик пуллари, тиббий суғурта ва яна бошқа суғурталанган мезонларга мувофиқ тўловларнинг ҳаммаси ижтимоий суғурта тизимига киради.

Шундан келиб чиққан ҳолда бюджет ташкилотлари ходимларига декрет пуллар тўланяпти. Лекин 2010 йилдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларда декрет пулларини тўлаш ташкилот маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бугунги кундаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Жаҳон банки экспертлари билан ижтимоий суғурта концепциясини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бориляпти.

Ижтимоий суғурта деганимиз ҳар бир тўлов суғурталаш мезонига мос келишидир. Фуқаро ўзидан ижтимоий суғурта механизми жорий қилинган ҳолда тўловларни амалга оширяптими, қайсидир турдаги суғурта тўловларини, айтайлик, ижтимоий тўловларни ижтимоий риск юзага келган ҳолда олиш тизимини жорий қилмоқчимиз.

Албатта, бу борада олдимизда бир нечта масала турибди. Биринчидан, унинг манбайи яъни, қайси манба ҳисобидан тўлаб берилиши муҳим. Иккинчи масала, қайси вазирлик ёки идора буни амалга ошириши аниқланади. Учинчидан, бунинг механизми қай тартибда бўлиши белгиланади. Бу бўйича концепция ишлаб чиқилади. Яъни, қайси ҳолатда бу масалада кимнинг ҳуқуқи бор, қандай ҳолларда субъектлар бундан манфаатдор бўлади, қайси субъектларга тўлаб берилиши ҳужжатда тўла акс эттирилади», – деди у.

Аввалроқ, Kun.uz’да бу мавзуда бир неча мақолалар эълон қилинган эди. Хусусан, давлат ташкилотларида ишлайдиган хотин-қизлар учун бюджетдан ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа пуллари ажратилиши, аммо хусусий секторда «декрет пули» тўланиши иш берувчи хоҳишига боғлиқлиги аёлларни камситиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаганини англатиши қайд этилган.  

Маълумот учун, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондидаги 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган улуш давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар ва уларнинг таркибий бўлимлари бўйича ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз этиб белгиланган. Бошқа солиқ тўловчилар, хусусан, хусусий сектор вакиллари ушбу тўловни 12 фоиз миқдорда тўлайди. Яъни, иш берувчи ходимларининг даромадларидан келиб чиқиб, ягона ижтимоий тўловни амалга ошириши лозим. Шунда давлат ташкилотлари томонидан ягона ижтимоий тўлов хусусий секторга нисбатан икки баравар кўп тўланади. 

Мавзуга оид