2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда банд аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми – 1 млн 992 минг сўми бюджетдан компенсация қилина бошланди.
Бунинг учун маълум талаблар бор:
- Нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши керак;
- Ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлгани, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилгани ҳамда унинг буйруқлари корхона томонидан киритилгани ҳисобга олинади;
- 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши керак;
- Нафақа фақатгина 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб “декрет”га чиққан аёлларга тўлаб берилади.
“Бор отангга, бор онангга”
Kun.uz'га келиб тушган мурожаатга кўра, хусусий секторда банд бўлган айрим аёллар декрет пулини ололмаяпти.
“Хусусий корхонада ишлайман. 11 феврал куни декретга чиқдим. Тиббиёт муассасасида очилган “болничний лист”имга барча маълумотлар тўғри киритилганига қарамай, бир ойдан ортиқ вақтдан бери менга декрет пули тўлаб берилмаяпти. Қаерга мурожаат қилишни билмай, Ягона дарча ва ҳудудий пенсия жамғармасига мурожаат қилдим. Улар бу масала билан шуғулланмаслигини, бундай тартибдан хабарлари ҳам йўқлигини ва кўплаб аёллар декрет пулини сўраб уларга мурожаат қилаётганини айтишди”, – дейди мурожаатчи.
Аёл ишлайдиган корхона (хусусий мактаб) кадрлар бўлими бошлиғи эса биз билан суҳбатда яқинда яна 2 нафар аёл декретга чиқиши кераклиги ва улар билан ҳам шундай муаммо юзага келиши мумкинлигидан хавотирда.
“Биз мурожаат қилиш учун контакт топа олмадик. Ходимимиз боғланган идоралар бу масала уларнинг вазифасига кирмаслигини айтяпти”, – дейди у.
Ўзи қаерга мурожаат қилиш керак эди?
Янги тартиб ишга тушишидан олдин Kun.uz билан суҳбатда Молия вазирлиги масъули Гулнора Муродова декрет пулини тайинлаш учун ҳеч қаерга мурожаат қилиш шарт эмаслиги, жараён про-актив (электрон кўрсатиладиган хизмат) тарзда амалга оширилишини айтганди.









