2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўланиши бошланганди. Нафақа миқдори минимал истеъмол харажатларининг 4 бараварини (бугунги кунда 2 млн 272 минг сўм) ташкил этади.

2023 йилги давлат бюджетида бу харажатларни молиялаштириш учун 300,7 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

2024 йилги бюджет лойиҳасида эса бу кўрсаткични 100 млрд сўмгача камайтириш режалаштирилмоқда. Бунга сабаб нима?

“Ўзлаштириш кам, лекин нега?”

Хусусий сектордаги аёлларга “декрет” пули бўйича давлат харажатларини 3 баробарга қисқартириш режалаштирилганига иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратди. Шундан кейин масалага Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу ҳолатни маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши билан изоҳлаган.

“Жорий йил ажратилган 300 млрд сўмдан атиги 50 млрд сўмга яқин пул ўзлаштирилиши кутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, прогнозни 100 млрдга туширишган. Менимча, бу ерда нега пул ўзлаштириш камлигини ўрганиш керак. Тахминимча, хусусий секторда ишлайдиган аёлларнинг катта қисми меҳнат шартномасиз ишлайди”, дея ёзди депутат Х (Тwitter) саҳифасида.

Дониёр Ғаниевнинг хусусий сектордаги аёлларга “декрет” пулини беришда бюрократия бор деган тахмини ноўрин бўлиб чиққан. Унинг сўзларига кўра, ҳомиладорлик нафақаси “худди суюнчи пули каби тиббий маълумотнома асосида автоматик ажратилар экан”.

“Асосий муаммо, тахмин қилганимдек, хусусий секторда аёллар иш ўринларининг расмий эмаслигида, яъни уларга ижтимоий ва даромад солиқлар тўланмаслигида экан”,