«Россияни товон тўлашга мажбур қиламиз» – Байден ташқи сиёсат ҳақида илк марта маъруза қилди
АҚШ президенти Жо Байден илк марта мамлакатнинг ташқи сиёсати борасида режаларини маълум қилди. Байден бу борада АҚШ Давлат департаментида чиқиш қилди.
«Олдинги ҳамкасбимдан фарқли ўлароқ Владимир Путинга Россия сайловларимизга аралашадиган, [компанияларимизга] киберҳужум қиладиган, ўз фуқароларини заҳарлайдиган ва АҚШ буларнинг барчасига тоқат қиладиган давр тугаганини аниқ тушунтирдим. Биз Россияни олиб бораётган агрессив сиёсати учун товон тўлашга мажбур қиламиз ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлаймиз», деди Байден нутқида.
АҚШ президенти Алексей Навалнийнинг озодликдан маҳрум қилингани ҳақида ҳам гапирди: «Сиёсий мақсадлар йўлида Навалнийнинг озодликдан маҳрум этилиши ва Россиядаги намойиш ўтказиш ҳуқуқининг чекланиши нафақат биз, балки бутун дунё учун хавотирли ҳолат. Жаноб Навалний халқ томонидан коррупцияни фош қилиш учун танланган одам ва у ҳеч қандай шартсиз қўйиб юборилиши керак эди», деган демократ.
Байден Хитойни АҚШнинг асосий рақобатчиси деб атади. Шунингдек Хитой Америкадаги демократия учун хатарли мамлакат эканини таъкидлади: «Хавфсизлик, демократия ва мамлакат гуллаб-яшнаши учун асоий рақобатчимиз – Хитой томонидан бўладиган чорловлар билан ҳам шахсан шуғулланаман. Хитойнинг иқтисодий кучини суиистеъмол қилишини чеклаймиз. Шунингдек, у ерда инсон ҳуқуқларининг доимий бузилишига ортиқ тоқат қилмаймиз ва бунга қарши чора кўрамиз. Бу мамлакатнинг глобал бошқарувга таъсир қилаётган шантажларига чек қўйиш устида ишлаймиз. Бироқ АҚШ манфаатлари учун Пекин билан ишлашга, куч борасида рақобатлашишга тайёрмиз», деди Байден.
АҚШнинг 46-президенти нутқи аввалида «Америка қайтди» деб айтди ва мамлакат халқаро сиёсатда яна дунё учун фойдали бўлган энг катта кучга айланишини таъкидлади. Унинг айтишича, АҚШ Ямандаги ҳарбий ҳаракатларни қўллаш каби мантиқсиз ишлардан чекинади ва халқаро сиёсатда яна демократияни биринчи планга қўяди. Унинг айтишича, Ямандаги муаммони бартараф этиш учун у ерга дипломатларни юбориш энг самарали йўл. Шунга қарамай, демократ АҚШ Саудия Арабистонига ёрдам беришда давом этишини маълум қилди.
Байден нутқидаги яна бир муҳим масала – Германиядан америкалик аскарларнинг олиб чиқиб кетилишига эътибор қаратди. Олдинги президент Дональд Трамп НАТО миссияси доирасида Германияда бўлиб турган америкалик аскарлар мамлакатдан олиб чиқилишини, бу ҳарбий харажатларни қисқартириш учун амалга оширилишини айтганди. Бундай қарор ҳақида ҳатто Германия томони ҳам огоҳлантирилмаган. Байден бундай жиддий қарорларни маслаҳатлашмай қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, тез кунларда АҚШнинг ташқи сиёсат бўйича режаси ишлаб чиқилади. Бу жараёнда Пентагон ҳам қатнашади ва айнан шу режага кўра Германиядаги аскарлар дислокацияси борасида якуний қарорга келинади. Бунгача аскарларнинг Германиядан чиқиш режаси тўхтатиб турилади.
Байден сайлов кампанияси давомида айтганидек ташқи сиёсатдаги асосий мақсади Американинг дунёдаги етакчилик мавқейини тиклаш эканини яна бир бор таъкидлади. У АҚШнинг тушиб кетган мавқейини фақат дипломатия орқали тиклаш мумкинлигига ишонмоқда.
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024