«Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз». Байден ва Жинпинг Перуда учрашди
АҚШ президенти Жо Байден ва ХХР раиси Си Жинпинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотининг Перудаги саммитида учрашиб, икки мамлакатнинг Байденнинг тўрт йиллик президентлиги давомидаги муносабатларини сарҳисоб қилишди.
Хитойликлар раҳбари Пекин тез орада Байден ўрнига келадиган Доналд Трампнинг маъмурияти билан ишлашга тайёрлигини билдирган — сайланган президент эса аллақачон Хитой билан янги савдо урушини анонс қилиб, ўз дипломатиясига Хитойга қарши кайфиятдаги сиёсатчиларни тўпламоқда.
ХХР раиси Си Жинпинг Доналд Трамп яна АҚШ президенти бўлганидан кейин ҳам Вашингтон билан алоқалар «силлиқ транзит» бўлишига умид қилмоқда. Бу ҳақда у ваколат муддати якунланишига икки ой вақт қолган амалдаги президент Жо Байден билан учрашувда маълум қилди.
Икки мамлакат раҳбари Перуда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммити майдонида учрашишди. Бу уларнинг Байден президентлиги давридаги учинчи ва узоқ муддатли охирги ўзаро учрашуви бўлди (мулоқот икки соатча давом этган).
Уларнинг иккиси ҳам бу учрашувдан икки мамлакатнинг сўнгги йиллардаги турли соҳалардаги муносабатларини сарҳисоб қилиш учун фойдаланган: ядровий соҳада сунъий интеллект ролидан тортиб, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва Украинага қарши урушда Россия мудофаа саноатига ёрдам беришгача.
Си Жинпингнинг сўзларига кўра, Хитойнинг кейинги тўрт йиллик учун мақсади Байден даврида «кўтарилиш ва пасайишларни бошдан кечирган» «Хитой ва АҚШнинг барқарор ва соғлом муносабатлари» бўлиб қолмоқда. Бунга жавобан Байден «бу вақт ичида эришилган ютуқлардан фойдаланиши»ни айтган.
«Агар икки мамлакат бир-бирига шерик ва дўстдек муносабатда бўлиб, умумий тил топишса, муносабатларимиз сезиларли даражада олдинга силжийди, — дея Си Жинпингнинг Байден билан учрашувдаги сўзларини келтирган Reuters агентлиги. — Аммо агар биз бир-биримизни рақиб ёки душманлардек қабул қилсак, қаттиқ рақобатлашсак ва бир-биримизга зарар етказишга уринсак, муносабатларимизга путур етказамиз ва ҳатто уни ортга қайтарамиз».
Россиянинг Украинага қарши уруши икки етакчининг Перудаги учрашуви мавзуларидан бири бўлган. Оқ уй расмий релизига кўра, Байден Хитой Россия ҳарбий саноат комплексини қўллаб-қувватлашда давом этаётганидан хавотир билдирган. Бунга жавобан Си Жинпинг Пекин Россия ва Украина ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини эслатган.
Байден президентлигида Хитой билан муносабатларда кескинлашувлар кузатилди, жосус шарлар билан боғлиқ ҳодисалар, америкалик юқори мартабали мулозим, Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пэлоси ташрифи ортидан Тайван ҳудудида Хитой ўз қудратини намойиш этиши ҳамда Америка телекоммуникация компаниялари хитойлик ҳакерлар томонидан бузиб кирилиши ва бу уларга ҳукумат мулозимларининг телефон сўзлашувларини тинглашига олиб келгани билан боғлиқ яқинда рўй берган можаро шулар жумласидан.
Аммо Байден маъмурияти Пекин билан рақобатни «масъулият билан бошқариш»га интилди. Энди, Трампнинг иккинчи муддати арафасида, таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Пекин янги сайланган президентнинг ҳаракатларини олдиндан билиб бўлмаслиги туфайли ташвишга тушгани тайин.
Январ ойида Оқ уйда Байденни алмаштирадиган Доналд Трамп сайловолди кампанияси вақтидаёқ Хитой маҳсулотлари импорти учун божларни 60 фоизгача кўтаришга ваъда берганди. Унинг бўлажак маъмуриятида Хитой билан муносабатларда қатъий ҳаракат қилиш тарафдори бўлган «қирғийлар» кўпчиликни ташкил этади, жумладан бўлажак бош котиб Марко Рубио (Хитойда унга қарши санкциялар киритилган) ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц.
Ўзининг биринчи муддатида Трамп Хитойни «стратегик рақобатчи» деб атаганди. Пандемия вақтида собиқ президент ковидни «Хитой вируси» деб атаганидан кейин муносабатлар совуқлашганди.
Трампнинг иккинчи муддатидаги ташқи сиёсат «Америка тоғчаси»даги саёҳатни ёдга солади, дея қайд этган Foreign Policy журнали.
«Хитойликлар музокаралар ва келишувларга очиқ ва катта эҳтимол билан уларни муҳокама қилиш учун имкон қадар тезроқ Трамп жамоаси билан мулоқотга киришмоқчи», — дейди BBC учун берган изоҳида Маршалл фондининг Тинч океани дастури бошқарувчи директори Бонни Глейзер.
«Аммо шу билан бир вақтда, агар Трамп Хитой маҳсулотлари учун анча юқори божлар жорий этадиган бўлса, улар жавоб чоралари кўришга ҳам тайёрлиги аниқ», — дея қайд этади эксперт. Унинг фикрича, Хитой, «катта эҳтимол билан, ўзида Трамп сиёсатига таъсир кўрсатиш учун ишончли каналлар йўқлигидан ҳам хавотирда».
Мавзуга оид
23:11 / 21.12.2024
АҚШ президенти ҳукумат ишини молиялаштиришни узайтирувчи қонунни имзолади
20:35 / 21.12.2024
Байден Тайванга 570 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни буюрди
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
23:04 / 13.12.2024