Ўзбекистонда узоқ вақт илм-фанга эътиборсизлик туфайли кўплаб ватандошларимиз ўз илмий карьерасини чет элда қуришди.

Бугун дунёнинг нуфузли илмий масканларида ватандошларимиз кўплиги қувонарли. Шу билан бирга, уларни Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш ва замонавий илмий мактаблар ташкил қилиш жараёнига қайта жалб қила олиш осон эмас.

Юртга қайтиб, бу ердаги илм-фан юксалишига ўз ҳиссасини қўшаётган олимлардан бири – физика-математика фанлари доктори Умид Халиловдир. Олим ҳозирда ЎзФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти етакчи илмий ходими сифатида ишлаб келмоқда.

Умид Халилов Kun.uz'нинг «Илм-фан суҳбатлари» рукнига берган интервьюсида Бельгиядаги 12 йиллик ҳаёти ва илмий изланишлари, Ўзбекистонга қайтиш сабаблари ва илмий лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилди.

— Умид ака, яқинда фан доктори илмий даражасига диссертация ёзмасдан муносиб кўрилдингиз. Кўпинча ҳимояолди жараёнларини бошдан ўтказган олимлар кўпгина вақт ва қоғоз исроф бўлишини айтишади. Сизда бу қандай кечди?

— ЎзФА Электроника (ҳозирги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти)да ишлаб юрган кезларим, илмий тадқиқотимни давом эттириш учун 2009 йилда Бельгияга кетгандим. У ердаги Антверпен университетида 12 йилга яқин вақт илмий фаолият билан машғул бўлдим. Шундай бўлса-да, институт билан алоқани доим сақлаб келганман, ҳамкорликни узмаганмиз. Бу даргоҳдаги устозлардан маслаҳатлар олиб турардик.

2013 йилда Антверпен университетидаги PhD ҳимоямдан кейин, албатта, ҳамма қатори фан докторлиги ҳақида ўйлаб юрардим. Тошкентга келганимдан сўнг шундай бир имконият туғилдики, диссертация ёзмасдан ҳимоя қилиш мумкин. Шарти – юқори импакт-факторли журналларда чиққан мақолалар ва улар кўрсаткичи 1дан юқори бўлиши лозим. Бу бизга жуда маъқул тушди, сабаби хорижда мақола ёзиб чиқариш осонмас, бу диссертациянинг бир қисмидай гап.

Илмий ғояларимни мақолалар шаклида илмий жамоатчиликка тақдим этиб келардим. Scopus базасида чиққан мақолаларим сони 12тадан кўп эди. Мақолаларимдаги ўртача импакт-фактор 7,47 чиқди ва ижобий хулоса берилди.

Шундан кейин мақолаларимдаги тезисларни ўзбекча, тушунарли ҳолатга келтириб, маъруза қилишга тайёрландик.

Қоғоз масалалари ростан ҳам бор, кўпчилик шу қоғоз ишлари сабабли ҳам докторлик қилишдан қочaди. Лекин, ОАК томонидан ҳам таъкидлаб айтилдики, келажакда бу нарсалар босқичма-босқич қисқариши керак.