Жамият | 10:09 / 10.02.2021
25075
5 дақиқада ўқилади

Пойтахтдаги маҳалла аҳли жар ёқасида яшамоқда. Муаммо ечими қандай бўлади?

Шайхонтоҳур тумани, «Каттаҳовуз» МФЙ, Интизом кўчасидаги жарликлар бўйлаб қурилган уйлардаги фуқаролар хавф остида яшамоқда. Тобора кенгаяётган жарлик чиқиндихонага айлантириб юборилган.

Таҳририятга йўлланган мурожаатдан сўнг ҳолатни ўрганиш мақсадида жарликлар бўйлаб жойлашган хонадонларда бўлдик.

Жарлик кенгаймоқда. Уйлар қулаб тушиш хавфи остида

Интизом кўчасидаги жарликлар ёнида жойлашган уйларни кўздан кечирар эканмиз, дастлаб кўча бошидаги уйларда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашдик. Улар уйлари яхши ҳолатдалиги, бутун умр шу ерда яшашга ҳам рози эканликларини айтишди.

Шундан сўнг таҳририятга мурожаат қилган фуқароларнинг хонадонларига кириб, аҳвол ҳақиқатан жуда аянчли эканлигига гувоҳ бўлдик.

Ваҳимаси одамни қўрқувга соладиган бу жарлик чиқиндилар билан тўлиб-тошган. Уни бегоналар ташламаган, ҳа, айнан шу ерда яшовчилар «шарофати» билан ҳосил бўлган бу чиқиндихона. Жарлик ва уйларнинг оралиқ масофаси ярим метр ҳам чиқмайди. Шунингдек, бу уйларда канализация йўқ, барча ташламалар жарликка оқизилади. Чиқиндилар шунчалик кўпки, ҳали иссиқ кунлар келмасидан бадбўй ҳид анқиб турибди. Фуқароларнинг айтишича, жарлик кенгайиши сабаб қурган иморатларини кўчиришга мажбур бўлишмоқда. Лекин ҳаммаларининг ҳам кўчиб кетишга имкониятлари йўқ.

Тасвирга олиш вақтида маҳалла раиси етиб келди…

Ижодий гуруҳ ҳолатни тасвирга олаётган пайтда «Каттаҳовуз» МФЙ раиси етиб келди. Энг қизиғи, муаммони борича кўрсатмоқчи бўлган фуқаролар раис келиб кетганидан сўнг «ўзгариб» қолишди.

Ҳолатга эса «агар ҳозир биз муаммони сизлар (Kun.uz)гa кўрсатсак, бизга солиқ ёки жарима солишар экан», дея изоҳ беришди. Бу ўзига хос «босим»ча қанчалик рост ёки ёлғон билмадиг-у, лекин фуқароларнинг қўрқиб қолишганидан, уларга босим бўлганини англаш қийин эмас эди. МФЙ раиси томонидан босим бўлганини бизга мурожаат қилган фуқаро тасдиқлади. Хуллас, иккита хонадонга кириб жарликлардаги ҳаётни тасвирга олишга улгурдик. Қолган фуқаролар эса раиснинг «босими»дан сўнг тарқаб кетишди.

МФЙ раиси: Мен уларни қўрқитмадим. Фуқароларни кўчириш масаласи эса кўриб чиқилмоқда

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида бирровга келиб кетган «Каттаҳовуз» МФЙ раиси билан боғландик. Унинг айтишича, бу муаммо республика даражасида кўриб чиқилиши керак бўлган ҳолат. Чунки уйларнинг кўпчилигида кадастр ҳужжати йўқ. Шунингдек, МФЙ раиси фуқароларга босим қилмаганини айтмоқда.

«Мазкур жарликдан катта сув оқиб ўтади. Aслида бу сувлар бутун эски шаҳар ҳудудидаги чиқинди сувларнинг тўплами. Жар ёқасидаги хонадонлар эски шаҳар ҳудудига киради. Уйларнинг кўпчилигининг кадастр ҳужжати йўқ. Сабаби, жар бўйидан уй қуришга ҳеч қанақасига давлат рухсат бермайди. Бу жойлар фуқароларнинг ота-боболари томонидан 70-100 йиллар олдин эгалланиб, уй-жой қуриб олинган. Ҳолат бўйича туман, шаҳар ва республика даражасигача ўрганиш олиб борилган. Aйни вақтда жарликлар ёқасида 39та хонадон, 211 нафар фуқаро яшайди.

Маҳалла раиси қўрқитиш учун бу лавозимни эгаллаб тургани йўқ. Ҳаммаси бирдамликда ҳал қилинадиган ишлар. Қўрқишган бўлса, айби бор. Ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлдингиз. Чиқиндилар билан тўлиб кетган. Неча марта чақириб огоҳлантирганмиз. Ҳафтада икки марта чиқиндиларни олиб кетиш учун машина келади. Лекин жарликка чиқиндиларини ташлашади. Ўзининг айби борки, қочишади. Жарга чиқинди ташлаш мумкин эмас. Лекин уй масаласидан қочмай, сизни чақиришяпти», деди маҳалла раиси Фатҳулло Қўлдошев.

Хулоса

Жарликлар ёнидаги ҳаёт умуман санитария талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, «Каттаҳовуз» маҳалласидаги бу жарликларнинг кенгайиш хавфи бор. Aйни вақтда ҳам жарликлар бўйлаб қурилган уйлар хавф остида қолмоқда.

Бундан буёғига ёғингарчиликлар мавсуми бошланишини ҳисобга олсак, фуқаролар яшаётган уйлардаги хавф янада ортади. Яна шуни тан олиш керакки, жарликларга ташланган чиқиндилардан турли касалликлар ва чангалзордан чиқадиган турли ҳайвонлар ва заҳарли ҳашаротлар ҳам маҳалла аҳлини янада оғир вазиятга солиши турган гап.

Тўғри, бу уйларнинг кўпчилигида кадастр ҳужжатлари бўлмаслиги мумкин. Уларнинг ота-боболари анча йиллар олдин бу жойларни эгаллаб, уй қуриб олган ҳам дейлик. Аммо мазкур муаммонинг ечимини қачондир излаш керак бўлади. Жарликлар бўйидаги уйлар бундан анча йиллар олдин қурилган. Шу вақтга қадар ҳал этилмаган ёки эътибордан четда қолган бу уйлардаги мураккаб ҳолатга мутасаддилар эътибор қаратишади деган умиддамиз.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Мухбир Раҳматилло Исроилов
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид