Жаҳон | 18:50 / 13.02.2021
3309
2 дақиқада ўқилади

Март ойидан 20та авиакомпания ковид-паспорт тизимини жорий этади

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси томонидан илгари сурилган Travel Pass иловасидан фойдаланишни тасдиқлаганлар орасида Emirates, Etihad, British Airways, American Airlines, Singapore Airlines, Lufthansa ва бошқа йирик авиакомпаниялар бор.

Фото: Getty Images

Март ойидан дунёдаги 20та авиакомпания ковид-паспорт (Travel Pass) тизимини жорий этишни режалаштирмоқда, деб ёзади Tengritravel.kz.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) томонидан илгари сурилган Travel Pass иловасидан фойдаланишни тасдиқлаганлар орасида Emirates, Etihad, British Airways, American Airlines, Singapore Airlines, Lufthansa ва бошқа йирик авиакомпаниялар бор.

IATA мазкур илова чегараларнинг хавфсиз равишда очилишига ёрдам беришига ишонмоқда ва яна 30-40та авиакомпания билан музокаралар олиб бормоқда.

"Биз хавфсиз халқаро авиапарвозларни тикламоқчимиз. Бошқа мамлакатлар ҳукуматларига саёҳат қилиш хавфсиз эканлигини кўрсатамиз", - деди ассоциация хавфсизлик бўлими раҳбари Алан Ҳайден.

IATA авиакомпанияларга ўз иловаларига Travel Pass иловасини қўшишни таклиф қилмоқда. Мазкур илова йўловчиларга сафар олдидан қандай тестлар, вакциналар ва бошқа чоралар керак бўлиши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Фойдаланувчилар саломатлиги тўғрисидаги ҳужжатларни иловага киритишлари ҳамда авиакомпания ва иммиграция хизматларига тақдим этишлари мумкин бўлади.

Ковид-паспорт жорий этишни 2020 йил августда Ҳонгконг ижроия кенгаши аъзоси Бернард Чан таклиф этганди. IATA ковид-паспортни карантин ўрнига энг яхши чора деб ҳисобламоқда. Аммо Евроиттифоқ бу масалада ҳозирча бир тўхтамга келмади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш