15 феврал – Халқаро онкологик касалланган болалар куни. Бу санани белгилаш жаҳон миқёсида касалликка қарши курашни кучайтириш мақсадида 2001 йилнинг сентябрида саратон касаллиги билан оғриган болаларнинг ота-оналари томонидан киритилган.
Бутун дунёда 20 йилдирки бу кун доирасида бемор болалар учун давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўплаб амалиётлар, хайриялар жорий этилади. Kun.uz мухбири Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг фикрларини сўради.
Дунёда йилига 100 минг бола бу касалликдан вафот этади
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, болалар саратони дунёда жароҳатлардан сўнг иккинчи ўринда туради. Йилига 300 минг болага шу касаллик ташхиси қўйилса, 100 минг бола ҳаётдан кўз юмади. Кўп мамлакатларда болаларда ҳам, катталарда ҳам гематология ва онкология касалликларини даволаш битта муассасада амалга ошириларди. Лекин тажрибалар болалар ва катталарни даволашда ёндашув айрича бўлиши кераклигини кўрсатди. Бугунги кунда дори-дармон таъминоти, диагностика имкониятлари натижасида ривожланган давлатларда бу касалга чалинган болаларни сақлаб қолиш даражаси 80 фоизга етган.
Ўзбекистонда аҳвол қандай?
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил ҳокимиятга келганида болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янги даражага кўтариш учун бюджетдан 1 трлн сўм ажратилишини айтганди. 4 йилдан бери республикада болалар гематология ва онкологияси соҳасида жадал сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Ҳозирда болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари нафақат пойтахтда, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам татбиқ этилмоқда. Натижада болалар орасидаги ўткир лимфобласт лейкозларда ҳаёт сифатининг яхшиланиши 75 фоизни, ўткир миелобласт лейкозларда 45 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган режага асосан, барча ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ягона умумлаштирилган бўлимлар фаолияти ташкил этилиши, «Болалар гематология ва онкологияси» йўналишида магистратура, ихтисослаш ва малака ошириш курслари дастури асосида кадрлар тайёрланиши амалга ошириляпти.
Дастлаб бу жараён Тошкент шаҳрида очилган Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро стандартлар асосида бошланди. Марказий Осиёда ягона бўлган марказда 20 ўринли онгологик-гематологик бўлим ташкил этилди ва Кореяда тажриба ошириб келган шифокорлар билан таъминланди. Бу ўринлар сонини 60тага етказиш режалаштирилган. Яқин истиқболда ушбу марказ тажрибаси ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ҳам жорий этилади. Бу марказларда болалар гемато-онкологлари фаолият олиб боришади.














