Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов форумда сўзга чиқиб, шаҳар ва туман шифохоналарига етишмаётган тиббиёт ускуналари ҳақида гапирди, шунингдек, инвестор ва тадбиркорларга қатор лойиҳаларни таклиф қилди.
«170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг лаборатория хизматини аутсорсингга беришга тайёрмиз. Бугунги кунда вилоят ва туман даражасидаги шифохоналар учун 15 та МРТ ва 200 дан ортиқ МCКТ ускуналарига эҳтиёжимиз бор. Касалхоналарда бугун ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз ижара шартнома асосида тадбиркорлар томонидан шу ускуналар қўйилса, биз кафолатланган хизматни сотиб олишга тайёрмиз.
Шунингдек, республика бўйича 14 та туғуруқ комплекслари бино ва иншоотлари ер майдонлари билан биргаликда «0» қийматида инвесторга, ишончли бошқарувга берилади. Жорий йил 11 та ҳудуднинг гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга тақдим этамиз. Давлат-хусусий шериклик асосида республиканинг ҳар бир ҳудудида 1000-1500 ўринли кўп тармоқли шифохоналар барпо этишга тайёрмиз», – деди вазир.

Амрилло Иноятов маҳаллий ва хорижлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш доирасида тиббиёт ташкилотларига берилган солиқ ва божхона имтиёзларини сақлаб қолиш ва узайтириш, тиббиётда фаолият олиб борувчи тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, вазир лицензиялаш жараёни шаффофлиги таъминланиши, тиббий туризм билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий тартибга солиниб, соҳада фаолият юритишнинг стандартлари, ягона тизими, тартиби ва механизмлари ишлаб чиқилишини қайд этди.
Шунингдек, у даволаниш учун хорижга борувчи ёки Ўзбекистонга келувчи фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сифатли тиббий хизмат олишларида доимий ҳамроҳлик қилиш йўлга қўйилишини, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2025 йилгача барча тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизими тўлиқ жорий этилишини айтди.









