Ўзбекистон | 22:00 / 17.02.2021
10501
4 дақиқада ўқилади

Экология қўмитаси Хонободдаги аэродром бўйича ўрганиш олиб борилаётганини маълум қилди

Қашқадарёдаги Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш борлиги ҳақида ОАВда эълон қилинган маълумотлар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ўрганиш бошлаган.

Қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов яқин кунларда бу ҳақда маълумот берилишини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бироз орқага қайтадиган бўлсак, пахта ва ғалла соҳасида бизда жуда катта плантациялар бўлган. Шу боис ҳудудларда кичик аэродромлар ҳам бўлган, уларда эса самолётда пахта устига сепиладиган кимёвий моддалар бўлган.

Кичик аэродромлар орқали парвоз қилган кичик самолётлар дала устидан кимёвий моддаларни сепишган. Адашмасам, бизда 17 та кимёвий полигонимиз бор, ундан ташқари шу пайтгача 33 та кимёвий полигонларни рекультивация қилиб ёпдик.

АҚШ ҳарбийлари хизмат олиб борган Қашқадарёдаги Хонобод аэродроми – ҳарбий ҳудуд, қўриқланадиган зона бўлгани учун у ерга кириш имкониятимиз бўлмаган. Шу сабабли ҳудуднинг экологик таҳлилини ёки ҳолатини шу пайтгача ўргана олмаганмиз. 2001 йилдан бошлаб ушбу ҳудуд ҳарбийларнинг ҳисобида тургани боис аниқлик кирита олмаганмиз.

Билишимизча, ўша ерда ҳам худди шунақа [кимёвий дорилар ортилган самолётлар учун мўлжалланган] аэродром бўлган экан. Яъни инсоннинг нафас йўлларига таъсир кўрсатадиган даражада далаларга дорилар сепишга жалб этилган аэродром бўлган.

Биз, ўзимизнинг лабораторияларимизда, у ерни ўрганиш ишини бошлаганмиз. Ҳақиқатда шу нарса бўлганми ўша ерда, айтилаётган гаплар ҳақиқатми-йўқми, шунга аниқлик киритмоқчимиз. Ўша бўйича иш олиб боряпмиз ва яқин кунларда бу ҳақда маълумот берамиз», – деди Исломбек Боқижонов 17 феврал кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп лавозимидан кетишидан бир кун аввал, 2021 йил 19 январда Ўзбекистонга алоқадор бир ҳужжатга имзо чеккан. Унда АҚШ Мудофаа вазирлигига Америка ҳарбийлари жойлаштирилган Ўзбекистондаги база атроф-муҳити туфайли сафарбар этилганларнинг токсик таъсирланишларига доир масалалар бўйича синчковлик билан суриштирув ўтказиш, тадқиқот хулоса ва натижалари умумлаштирилган ҳисоботни президентга тақдим этиш топшириғи қўйилган.

Маълумот учун, америкаликлар К-2 («кей-ту») деб атовчи Қарши-Хонобод ҳарбий инфратузилмаси 2001 йил 11 сентябр терактларидан кейин Афғонистонда аксилтеррор ҳаракатларини амалга ошириш учун Вашингтон бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига операция ўтказиладиган муддатга фойдаланишга берилганди.

2001–2005 йилларда ушбу аэродромда хизмат қилган 15 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи, яъни 11 832 нафари саратон ва бошқа касалликларни орттиргани айтилмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги «мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри» деб ҳисоблайди.

У Ўзбекистондаги ҳарбий қисмларнинг барчаси радиацион-кимёвий бактериологик вазиятни назорат қиладиган ускуналар билан, ҳарбий хизматчилар эса индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминлангани, ҳарбийларда нурланиш аломатлари сезиладиган бўлса, улар зудлик билан изоляция қилиниши, шахсий таркиб эса эвакуация қилинишини айтди.

Вазирликка кўра, бу масала юзасидан АҚШ томонига Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик каналлари орқали муносабат билдирилади.

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий тиббиёт факультети кафедра мудири, тиббий хизмат полковниги Носир Фозиловнинг сўзларига кўра, Хонобод аэродроми яқинидаги аҳоли пунктида яшаётган фуқаролар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган, натижалар уларнинг соғлом эканини кўрсатган.

Фозиловнинг айтишича, шу пайтгача ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўртасида бирон марта нурланиш оқибатида юзага келадиган касалликлар кузатилмаган.

Мавзуга оид