Молия вазирлиги 2020 йил давомида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган харидлар инфографиясини эълон қилди. Унга кўра, ўтган йили жами 124 триллион 89 миллиард 400 миллион сўмлик харидлар амалга оширилган.
Шундан 42 триллион 629 миллиард 400 миллион сўми (34 фоиз) бюджет буюртмачилари, 40 триллион 476 миллиард 400 миллион сўми (33 фоиз) корпоратив буюртмачилар, 40 триллион 983 миллиард 600 миллион сўми (33 фоиз) стратегик буюртмачилар ҳиссасига тўғри келади.

2020 йил давомида давлат харидлари жараёнларида энг фаол бўлган бюджет буюртмачилари қаторида соғлиқни сақлаш соҳаси (6 триллион 709 миллиард 800 миллион сўм), сув хўжалиги (5 триллион 451 миллиард 800 миллион сўм), автомобил йўллари (5 триллион 182 миллиард 100 миллион сўм), халқ таълими (3 триллион 802 миллиард 900 миллион сўм) ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси (3 триллион 743 миллиард 100 миллион сўм) қайд этилган.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти соҳасига умумий харидлар суммасининг 7,3 фоизи, мактабгача таълимга 7,1 фоизи, геология ва минерал ресурсларга 3,8 фоизи, олий ва ўрта махсус таълимга 2,4 фоизи ва бошқа соҳаларга 20,9 фоизи тўғри келди.

Маълум қилинишича, бюджет буюртмачилари харидларидаги пуллар таъмирлаш, қурилиш ва реконструкция ишлари, коммунал хизматлар, дори-дармон, тиббиёт буюмлари, вакциналари ва бактериологик препаратлар, жиҳозлар, транспорт воситалари, техник асбоб-ускуналар ва бошқаларга сарфланган.
Хусусан, 2020 йил давомида Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган харидларнинг товар (иш, хизмат)лар кесимидаги таҳлилида қурилиш ва реконструкция ҳиссаси 2 триллион 261 миллиард 100 миллион сўмни (33 фоиз), дори-дармон, тиббиёт буюмлари (19,5 фоиз) 1 триллион 300 миллиард 900 миллион сўмни, озиқ-овқат харидлари 550 миллиард 700 миллион сўмни, таъмирлаш (жорий, капитал) 474 миллиард 2 миллион сўмни, асосий воситалар эса 447 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этган.







