Туман прокурори сектори — Марказ қишлоғида қурилган иссиқхоналарнинг иккитаси бир қорга бардош бермаган — икки кунда қулаб тушган. Қолган иккитасида эса иш ҳануз якунига етказилмаган. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Пайариқ туманида бўлди.

Мурожаатчилардан бирининг ишончли вакили Муҳаммад Ҳаққуловнинг айтишича, у манфаатларини ҳимоя қилаётган шахс Низом Ўташев 2020 йилнинг ёз ойларида имтиёзли кредит олиш мақсадида Халқ банкининг Пайариқ филиалига мурожаат қилади. Мақсад – оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаш. Унинг бу нияти аввалига тезда амалга ошгандек бўлади. Таассуфки, у ҳали иссиқхонани тайёр ҳолатда қабул қилмай туриб, банк ходимлари унинг уйига имтиёз муддати тугаган кредитни қайтариш жадвалини ташлаб кетишади.

«Н.Ўташев томонидан банкка имтиёзли кредит оламиз деб ҳужжатлар топширилганидан сўнг таъминотчи – «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан иссиқхона жойи қазилиб, профиллар ўрнатиб кетилди. Келиб ишларини давом эттиришар, устини ҳам ёпиб берар, деган хаёлда юрганимизда, унинг имтиёз муддати тугагани тўғрисида банкдан хабар берилди.

Қизиғи, ҳали иссиқхонани қабул қилиб олмагандик. Шу сабабли тегишли идораларга эътироз билдирдик. Шундан сўнг жорий йилнинг 19 январ куни иссиқхонанинг устига плёнка ёпиб кетишди. Икки кун ўтиб қор ёғди ва кечаси иссиқхона қулаб тушди», — дейди Муҳаммад Ҳаққулов.

Ҳаққуловнинг қўшимча қилишича, у иссиқхона қурилишидан аввал бу соҳа билан даромад қилаётганларнинг фаолиятини кузатган. У «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан барпо этилган иссиқхонада бир қатор камчиликлар борлигини айтмоқда. Банк ходимлари нега таъминотчига шунча маблағни ўтказиб бергандан сўнг ишнинг сифатини келиб бир назорат қилишмайди, дея эътироз билдирмоқда.

Маълум бўлдики, Низом Ўташевга иссиқхона учун олти ойлик имтиёз даври билан 36 ойга 14 фоизлик кредит ажратилган. Кредит миқдори 29 949 999 сўмни ташкил этмоқда.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир тадбиркор — Анвар Эгамовда ҳам шунга яқин ҳолат. Айнан «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан август ойида иссиқхона учун чуқур қазилиб, профиллар ўрнатиб кетилган. 2020 йил декабр ойи охирларига келиб, кредитни қайтариш кераклиги ҳақида банкдан хат борган. Табиийки, иссиқхонадан даромад олиб, қарзни қайтаришни ният қилиб юрган бу оиланинг ҳам қўлида тайинли маблағнинг ўзи бўлмаган. Шартнома қилинган кундан бошлаб «вақт счётчиги» ишлай бошлагани сабабли, уларнинг иссиқхонаси қуриб битказилдими-йўқми, бу масала банкни қизиқтирмаган.