21:09 / 22.02.2021
3387

Парламент эшитувида пандемия даврига оид рақамлар маълум қилинди

Бугун, 22 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутатлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б.Юсупалиев ҳамда инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмоновнинг «Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитишди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, парламент эшитувида пандемия даврида амалга оширилган ишлар билан боғлиқ айрим рақамлар маълум қилинган.

Хусусан, мамлакатда коронавирус инфекциясининг илк аломатлари аниқлангандан кейин, қисқа муддатда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 20 минг ўринли карантин маркази қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жами 7 085 ўринли ҳамда ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманида 4000 ўринли махсус шифохоналар қурилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

2020 йил 15 мартдан 31 декабргача Ўзбекистонга 2 млн 25 минг нафар фуқаро кириб келган. Улардан 1 млн 600 минг нафари карантинга олинган. 2021 йил 1 январдан шу кунгача 448 минг нафар фуқаро республикамизга кириб келган ва 105 минг нафари уй карантинига олинган.

Шу билан бирга, 36 280 нафар тиббиёт ходимлари коронавирус касаллигини даволашнинг сўнгги усуллари юзасидан 18 соатлик ва 6 соатлик ўқув дастурлари бўйича ўқитилди. Хусусан, мавзули малака ошириш курсларида даволаш-профилактика муассасаларининг жами 2 908 нафар захира шифокорлари, жумладан, 421 нафар реаниматолог, 349 нафар педиатр ва 2 138 нафар стационар палата шифокорлари ўқитилган.

Коронавирус инфекцияси пандемиясининг юқори чўққиси даврида республикада жами 159та муассасада 25 минг 200та, шу жумладан, 2 минг 500та реанимацион ўринлар ҳамда қўшимча равишда 58та саралаш-тақсимлаш марказларида 15 мингта ўрин, шу жумладан, 1 225та реанимация ўринлари ташкил этилган.

Бугунги кунга қадар коронавирус аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш ва беморларини даволаш ишларида Хитой, Россия, Корея, Туркия ва Германия давлатларидан келган 140дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди.

«Инқирозга қарши курашиш» жамғармаси ҳисобидан коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 4 триллион 825 млрд сўм маблағ ажратилган.

Шундан:

  • 1 232,2 млрд сўм қурилиш-таъмирлаш ишларига;
  • 2 217,2 млрд сўм қўшимча рағбатлантириш тўловларига;
  • 1 317,8 млрд сўм бошқа тадбирларга, жумладан:
  • дори-дармон воситалари харажатлари учун – 309,5 млрд сўм;
  • гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун – 75,0 млрд сўм;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари харажатлари учун –227,6 млрд сўм;
  • тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш учун – 135,5 млрд сўм;
  • транспорт воситаларини сотиб олиш учун – 13,5 млрд сўм;
  • жамоат жойларини дезинфекция қилиш учун – 28,3 млрд сўм;
  • бошқа сақлаш ва эпидемияга қарши тадбирлар учун – 528,4 млрд сўм.

Пандемия даврида тиббиёт муассасаларига 89 млн долларлик 5та МСКТ, 56та рентген, 2 303та функционал кроват, 2 774та СИПАП, 5 358та кислород концентратор, 1 342та ИВЛ, 170та ПЗР, 822та кардиомонитор, 1 639та шприцли насос, 50та ЭКГ ва бошқа жиҳозлар ҳамда мурувват ёрдами орқали 1 512та болалар СИПАПи, 300та ИВЛ, 2 507та кислород концентратори етказиб берилган.

Шунингдек, ўтган вақт мобайнида дунёнинг 12та давлатига (Хитой, Эрон, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон, Беларус, Россия, Венгрия, Қозоғистон, Покистон, Сурия) Ўзбекистон томонидан умумий қиймати 101,7 млрд сўмлик дори-воситалари, шахсий ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат мурувват ёрдамлари юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳаракатлар стратегиясининг 4 йиллик фаолиятига бағишланган халқаро форумда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ўктам Исмоилов коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон бўйлаб қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилганини маълум қилганди.

Top