20:17 / 23.02.2021
17228

«Ўқитувчида нима айб?» — Депутат мактаблар рейтинги ОТМга кирган ўқувчилар сони билан белгиланишига эътироз билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Янгийўлликлар ТВ» лойиҳасига берган интервьюсида мактаблар рейтинги олий таълим муассасасига ўқишга кирган ўқувчилар сонига кўра тоифаланишига, олий таълим муассасаларига кира олмаган ўқувчилари сабабли мактаб директорлари ишдан олинишига ўз муносабатини билдирди.

Депутат ўқитувчилар ёки мактаб директорлари ўқувчиларнинг олийгоҳга киришлари учун масъул эмаслигини айтиб ўтган.

«Мактаблар стандартлар бўйича белгиланган таълимни бериши керак. Бола ўқишга кирадими, йўқми – ўзи ҳал қилсин. Бу мактабнинг бўйнидаги иш эмас.

Болада ўқишга хоҳиш бўлмаса, интилиш бўлмаса, психологик босим остида бўлса, яъни атрофдаги коррупция ҳолатларини, олий маълумотлилар кам маош олаётганини кўриб умуман ўқишни хоҳламаётган бўлса-чи? Ота-онаси тадбиркор бўлса, уям шунга қизиқса, шу орқали пул топишни мақсад қилган бўлиши мумкин. Бу ҳолатда ўқитувчини айблай олмаймиз. Ўқитувчидан сифатли таълимни талаб қилиш керак фақат. Билим олиш, дунёқараш, ҳаммаси оиладаги муҳит билан боғлиқ боланинг ўқишга кириши. Ўқувчи ўқишга киролмаса ўқитувчида нима айб? Ёки дангаса бўлса бола...

Бировнинг ҳаракати учун бировни жавобгар қилиб бўлмайди. Агар шунинг учун ишдан бўшатадиган бўлса судлашиш керак», дейди Кушербаев.

Депутат бундай талаб қўйилаётган соҳа ходимларида ҳуқуқий саводхонлик бўлиши лозимлигини ҳам таъкидлаган. Бундан ташқари, мактаблар ва ўқув марказлари ўртасидаги соғлом рақобат вужудга келиши нормал ҳолат эканлигини айтиб ўтган.

«Ўзида хоҳиш бор одам давлат стандартлари асосида текинга билим олиш ҳуқуқига эга (мактабда), бундан қаноатланмаган ҳолда қўшимча ўқув марказларида чуқурроқ билим олиши ҳам мумкин.

Билим – бу пул аслида. Таълим стандартидан келиб чиқиб бепул таълим ҳам бор, қўшимча билим олиш учун бундай марказлар ҳам ташкил этилган. Лекин олийгоҳга кираётганлар бўйича солиштирсак, хусусийларда устунлик бор. Негаки, уларда дарс бераётган педагогларни рағбатлантириш яхши йўлга қўйилган. Ойлиги яхши, ҳашарга ёки тадбирларга бориш, синфни тозалаб қўйиш каби мажбуриятлар юклатилмайди. Ўқитувчининг иши фақат билим бериш, яхши натижа кўрсатишга қаратилади», дейди у.

  • Аввалроқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаблар таълим сифатига қараб «тўқ қизил», «оч қизил», «сариқ» ва «яшил» рангларда таснифланиши ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бирорта ҳам ўқувчиси ОТМга кирмаган мактаблар «тўқ қизил» рангда, 10 фоизгача ўқувчиси ОТМга кирган мактаблар «оч қизил», 30 фоизгача ўқувчиси ОТМга кирган мактаблар «сариқ» ва ўқувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичи 30 фоиздан ошган мактаблар «яшил» рангда белгиланган.
  • 2020 йил ноябрида Шерзод Шерматов бошчилигидаги йиғилишда бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган Қашқадарё вилоятидаги 20та мактаб директорлари ишдан олингани хабар қилинганди. Кейинроқ Навоий вилоятида таълим сифати паст бўлган 26 та мактаб директорлари ишдан олинди.
Top