Ўзбекистон | 19:51 / 24.02.2021
4303
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади

Адлия органлари томонидан 2020 йилда ҳаётий муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма қайта таҳрир қилиниб, 20 000 нусхада тарқатилди. 2 000 нусхада кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, тарқатилди.

Фото: Pinterest

Бу ҳақда бугун, 24 феврал куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида айтилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Адлия вазирлигининг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Маълум қилинишича, вазирлик томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, ФВВ, ИИВ ва Давлат солиқ қўмитаси намунали, «Ўзавиация» агентлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг бу борадаги ишлари қониқарсиз деб топилди. Мактабгача таълим ва Энергетика вазирликлари эса амалга оширган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг учун Адлия вазирлигига тақдим этмаган.

Фото: Музроф Икромов, Адлия вазири ўринбосари

Адлия вазири ўринбосари Музроф Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади. Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолаб борилади.

Шунингдек, «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида медиа марказ ташкил этилади. Ушбу марказ қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлайди ва тарқатади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид