Жамият | 20:37 / 25.02.2021
30688
4 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий авиация билим юрти: Жиззахдан Қаршига кўчирилган олийгоҳга сафар

Кўпчилик болаликдан учувчи бўлишни орзу қилади. Бу шарафли касбга муносиб бўлиш эса ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Худди шундай, ҳарбий учувчи бўлиш учун ҳам узоқ вақт тайёргарлик талаб этилади.

Қарши-Хонобод аэродромига сафаримиз чоғида, Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам бўлиб, ёш курсантлар билан суҳбатлашдик. Уларга яратилган шароитлар билан танишдик.

Хонобод аэродромига Тошкентдан, Ўзбекистон ҳаво кучларига қарашли самолётда йўлга чиқдик. Мудофаа вазирлиги ташкил этган пресс-тур иштирокчилари билан бирга, бир ярим соатда манзилга етиб бордик.

Хонобод аэродромига қўнишимиз билан ёш курсантларнинг учишга тайёргарлик кўраётганига гувоҳ бўлдик. 5-курс курсанти Бекпўлат Боқижонов ўзи учмоқчи бўлиб турган L-39 «Aлбатрос» ҳарбий ўқув самолёти билан таништирди.

«3 йилдан бери самолётда учиб келаман. Ҳозирда L-39 қирувчи ҳарбий ўқув самолётида ўз парвозларимни амалга ошириб келяпман.

L-39 жанговар вазифаларни бажаради. Бугун тайёргарлик жараёни. Эртадан ўқ отиш машқларига тайёрланамиз. Учишдан олдин ҳимоя шлемини киямиз, бу ҳимоя вазифасини ўташ билан бирга, радиоалоқани ҳам таъминлайди.

4 км.дан баландда парвоз қиламиз. Бу баландликда кислород камлиги учун кислород баллонидан нафас оламиз.

L-39 ҳарбий самолёти анча тез учади. Реактив двигатели битта бўлишига қарамай, қуввати анча баланд: максимал тезлиги соатига 900 км. 12 км баландликка кўтарила олади. Сизлар Тошкентдан Хонободгача бир ярим соатда келган бўлсанглар, бу самолётда 40 минутда етиб боради. Ёқилғиси 2,5 соатга етади. 1,5 тонна ёқилғини ўзига олади.

1cmb3VxdPjBOytNs-QRArDBvE_QFqDtH.jpg (1280×853)

Учувчи биринчи ўринда соғлом бўлиши керак. Шунингдек, тез фикрлаши, фавқулодда қарорлар қабул қила олиши зарур. Самолёт қанча тез учса, учувчи ҳам шундай тез фикрлаши керак бўлади.

Учувчилар ҳар қандай вазиятга тайёр бўлиши керак. Энг қийини – кўтарилиш ва қўниш. Чунки об-ҳаво ва шамол сизга ҳалақит қилиши мумкин», – дейди Олий ҳарбий авиация билим юрти 5-босқич курсанти Бекпўлат Боқижонов.

Афсуски, кучли шамол тинавермагач, курсантларнинг режалаштирилган парвози амалга ошмай қолди.

Шундан сўнг самолёт ва вертолёт тренажёрлари билан танишдик. Тренажёрлар Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари ва ҳарбий самолётларида дастлабки учиш кўникмаларини ўрганиш учун мўлжалланган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28-30 январь кунлари Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромига ташриф буюрган. Бош қўмондон ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини берган.

Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида Олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиб, ажратилган 73 миллиард сўм эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, янги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.

Муассаса ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди.

Ўзбекистон ҳаво сарҳадларини қўриқлайдиган бўлажак мутахассисларни тайёрловчи масканга қисқа сафаримиз шу тариқа якун топди. Ёш курсантларга келгусидаги фаолиятларида омад ва сидқидилдан хизмат қилишларини тилаб қоламиз.

Мавзуга оид