“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
Қуролдан маҳоратли отишни ёки рақибни яксон қилишни кўр-кўрона ўргатиш ярамайди. Балки ёшларга қурол-аслаҳаларни ватанпарварлик ва юрт шаъни учун ҳимоя воситаси сифатида тушунтириш керак, дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи” ҳаракати раҳбари Баҳром Зулфиқоров.
7 ноябрь куни расмийлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари штати Мудофаа вазирлигига ўтишини маълум қилди ҳамда соҳада янгиликларни белгилаб берди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Ватан таянчи болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати раҳбари, полковник Баҳром Зулфиқоров ЧҚБТ фанининг аҳамияти, мактабларда болалар ўргатиладиган техникалар ва режалар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.
«Бундан бир неча йил олдин мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани йўқ эди. Бир вақтлар бу фан мавжуд бўлган, лекин орада узилиш бўлиб қолганди. Мана, ҳозир мактабларга қайтганига ҳам қарийб уч йил бўлиб қолди.
Бугунги кунда тизим учун алоҳида, ягона ўзининг дастурини мувофиқлаштириш эҳтиёжи сезилди. Чунки дарслар ўша олдинги дастурлар талабларига мос равишда қилинган эди ва аниқ ягона ўқув қўлланмалари йўқ эди. Бу фан бўйича вазифа қўйилди: ўқувчиларга ва ўсмирларга қандай ўқитиш керак, қайси мавзулар бўйича ўқитишимиз керак, деган масалалар ҳал қилинмоқда.
Ҳозирги кунда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича ягона ўқув қўлланмаси ва китоблари ишлаб чиқишга киришилган. Бунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий кадрлар тайёрлаш бошқармаси билан биргаликда аниқ ва мантиқий дастур ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги дунёдаги тезкор глобал шароитда, ҳар хил таҳдидлар ривожланганда ва чегарасиз таъсирлар дунёсида миллатни сақлаб қолиш ва халқларнинг ўзлигини сақлаш масалалари долзарблашди. Бу дунёда ўзини давлат сифатида сақлаб қолиш учун аввало ўзининг тарихини, анъаналари ва миллий қадриятларини сақлаш керак. Бу ҳаммага маълум.
Айнан юқори синф ўқувчилари эртага жамоатга чиқади. Эртага улар талаба бўлади, балки чет давлатларда ўқиши мумкин. Бутун дунёга, жаҳон мусобақаларидан ёки фан олимпиадаларидан чиққан пайтда, улар Ўзбекистон фарзанди эканлигини, юртига тааллуқли эканлигини намоён қилиши керак. Шу мақсадда ҳарбий ватанпарварлик йўналишида кучлироқ таъсир ўтказиш назарда тутилади.
Эртага мактабларни тамомлаган кўп ўсмирлар миллий армиямиз сафларига келади. Бугун давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ҳар қанча замонавий қуроллар ва технологиялар билан қуроллантирилсак ҳам, агар унинг қалбида ватан ва миллий ғурур бўлмаса, бундай ёшлар топширилган вазифани тўлиқ ҳис қилмайди. Аслида, керак бўлса жонини хатарга қўйиб хизмат қилишга тайёр бўладиган бўлиши керак. Шу мақсадда ҳаракат қилинмоқда.
Бу дунёда ҳар нарса ёки предмет хоҳлаган мақсадда ишлатилиши мумкин. Бунда эзгу ният йўлида, руҳан тетик ҳамда ишонч билан ишлатишга ўргатилади. Айнан шу фан, ватанпарварлик йўналишидаги суҳбатлар ёки ЧҚБТ машғулотларида ёшларга қўлида турган қуролнинг жанговар тажрибалардан ўтганлиги ва синовларда синалганлиги ўргатилади.
Агар бу қурол душман қўлига тегса, тинч аҳолига талафот етказиши мумкин. Бироқ ҳимоячи ватанпарвар қўлида бўлса, миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун фойдаланилиши мумкин. Шу орқали ёшларнинг онгига миллий армиянинг мавжуд қурол ва аслаҳаларига қандай муносабатда бўлиш, қандай фойдаланиш кераклигини ва уларни ватан ҳимояси учун воситаси сифатида ишлатишни англатиш керак. Буни оддий пичоқнинг ошхонада фойда келтириш учун ҳам ёки бошқаларга зарар келтириш учун ҳам ишлатилиши мумкинлигидан кўришимиз мумкин.
Шунга кўра, ёшларнинг онгига қурол-аслаҳаларни ватанпарварлик ва юрт шаъни учун ҳимоя воситаси сифатида ишлатиш тушунчасини сингдириб бориш керак. Шунчаки кўр-кўрона ундан маҳоратли отишни ўрганиш ёки рақибни яксон қилиш тушунчаларини ўргатмаслик лозим. Бу жуда муҳим.
Агар мана шундай дарслар бўлмаса ва унга ҳам руҳий, ҳам маънавий машғулотларда маъруза ўқилиб, тўғри ўргатилмаса, қуролни қўлига олган одам хавфли шахсга айланиши мумкин. Шунинг учун биз уларнинг қалбига шундай кучли ишонч ва эзгуликларни жойлаштирамиз», — дейди Баҳром Зулфиқоров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимот билан танишган эди.
Учрашувда президент фуқароларнинг ватанпарвар бўлишида ҳарбий хизматчилар, чақириққача бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, эндиликда чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтиши ҳамда бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилиниши маълум қилинди.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
22:48 / 03.12.2024