Ўзбекистон | 23:33 / 28.02.2021
19512
4 дақиқада ўқилади

Интеллект учун 1,7 млрд сўмга яқин мукофот – “Заковат” клубининг илк кастингидан фоторепортаж

28 феврал куни Humo Arena саройида “Заковат” интеллектуал клуби аъзолигига Тошкент вилояти ва шаҳридан ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди.

“Заковат” интеллектуал клубига аъзо бўлиш учун ариза берганлар сони 13 мингдан ошган. Уларнинг 11 111 нафари якка тартибда ариза топширганлар бўлса, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтган. Тошкент вилояти ва шаҳрида кастинг учун ҳам минглаб ёшлар йиғилди.

“Бунчалик кўп иштирокчи билан ўтказилган интеллектуал ўйин ҳали дунёда бўлмаган. Бу дунё бўйича рекорд даражада иштирокчилар қатнашаётган интеллектуал ўйин бўлмоқда.

“Заковат” 20 йилдан бери экран орқали илм зиёсини тарқатишдек савобли иш билан шуғулланмоқда. 20 йилдан бери шу иш билан шуғулланаётган инсон сифатида бугунги кун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири, деб айта оламан. Бундан 20 йил олдин март ойида “Заковат” илк бор ташкил топганди. Бугун эса “Заковат” қайтадан туғилди”, дея янги аъзоларни табриклади “Заковат” телебошловчиси Абдурасул Абдуллаев кастингда.

Кастинг бошланишида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ҳам сўзга чиқиб, ёшларга омад тилади.

“Бугун олдингизда имконият эшиклари яна ланг очилди. Улардан самарали фойдаланайлик. Аслида, ўзи бугун шундоқ ҳам кечга қолиб бўлдик, эртага эса янада кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, зудлик билан олдинга қадам қўяйлик. 

Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақираман”,- деди Комил Алламжонов ёшларга мурожаат қилиб.

Фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, клубга аъзо бўлган хотин-қизларни табриклади, уларни фаол бўлишга чақирди.

“Хотин-қизларимиз қанчалик фаол, илм-фан, маданият ва тадбиркорликка, сиёсий жараёнларга қанча кўп ҳисса қўшадиган бўлса, юртимизда бахтли ва ҳаётидан мамнун аёллар шунча кўп бўлади. Аминманки, хонадонида намунали бека, пазанда опа-сингилларимиз ўзларини илм майдонида ҳам бемалол намоён қила оладилар”, деди Саида Мирзиёева ўз нутқида.

“Заковат” турнирлари учун 1 млрд 690 млн сўм ажратилган. Тошкент шаҳри ва вилояти ўйинлари учун ажратилган ютуқ фонди эса 130 миллион сўм. Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этилади.

Очилиш маросимидан сўнг клуб аъзолиги учун индивидуал тарзда ариза топширганлар учун 20та тезкор ва 10та мантиқий саволлар ўқиб эшиттирилди.

Кастингдан сўнг барча иштирокчиларнинг рейтинги тузилади. Ана шу рейтинг асосида қатнашчилар 6 кишилик жамоаларга тақсимлаб чиқилади. Бунда тақсимлаш рейтингдаги кетма-кетликка асосланган ҳолда амалга оширилади. Масалан, 1-ўриндан 6-ўрингача бўлган иштирокчилар битта жамоа, 7-12-ўринлардаги аъзолар кейинги жамоага бирлаштирилади.

Якка тартибда рўйхатдан ўтганлар рейтингдаги ўрнидан қатъи назар ўзаро келишган ҳолда ўз ташаббуси билан бир жамоага бирлаша олишмайди.

“Бу кастингдан ҳеч ким йиқилмайди. Ҳамма қатнашиш имконига эга бўлади, яъни ҳамма натижасига қараб жамоаларга тақсимлаб чиқилади”, дея маълумот берди “Заковат” интеллектуал клуби аъзоси Хушнудбек Худойбердиев.

Иштирокчилар қайси жамоага тушганлиги ва жамоадошлари рўйхати билан www.zakovat.tv сайти орқали танишишлари мумкин бўлади.

 

Мавзуга оид