Ўзбекистон | 09:03 / 01.03.2021
14396
4 дақиқада ўқилади

«Кўпчилик оддий ишчи ёки деҳқон боласида «министр» бўлиш имкони йўқ деб ўйлайди» – Комил Алламжонов ўзи дуч келган қийинчиликлар ҳақида гапирди

Комил Алламжонов муваффақиятга эришиш учун қандай оила фарзанди бўлишнинг аҳамияти йўқлиги, оилада болаларга нисбатан ишонч муҳити шакллантирилиши лозимлиги ҳақида гапирди. “Ўқиб, шаҳар оберармидинг?”, “Поддержка қиладиган кимимиз бор, нимангга ишоняпсан?”, “Ҳадеб китоб титгандан кўра, бор, мол-ҳолга қарасанг-чи”, деган гапларни кўп оилаларда эшитамиз. Балки ўзимизга ҳам айтилгандир бундай гаплар. Шунақа гапларни эшитган бола қадди букик, бўйни эгик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб вояга етиши аниқ”, деди Комил Алламжонов.

Жорий йилнинг 28 феврал куни “Заковат” интеллектуал клубига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан аъзо бўлиш учун онлайн ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди. Илк бора Humo Arena саройида катта байрам тадбири сифатида ўтказилган интеллектуал кастингда рўйхатдан ўтган минглаб кўнгиллилар иштирок этди.

Тадбирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов сўзга чиқиб, болалиги, ҳаётда дуч келган қийинчиликлари ва улардан чиқиш йўллари ҳақида гапириб берди.

“Қорақамишлик, 90-йилларнинг боласиман. Дадам оддий автослесар, ойим 3-туғуруқхонада ҳамшира бўлиб ишлаганлар. Мактабда ўртача ўқиганман. Шўхроқ бўлганман.  Лицейимиз директори доим “сени мактабдан ҳайдайман”, деб пўписа қиларди. Аммо онам мени олий маълумотли, зиёли одам бўлишимни орзу қилардилар. Бувим эса доим: “Шу болам министр бўлади”, дердилар. Лекин бу гапга ҳеч ким ишонмасди. Чунки аксарият одамларимиз ишчи ёки оддий деҳқон оиласининг боласида бундай имконият йўқ, деб ҳисоблайди. Мен эса ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда, ҳатто институтдан ҳайдалганимда ҳам таслим бўлмаганман.

Ўшанда ойим: “Оҳ, болам-а! Майли сиқилма, рабочийни боласи рабочий бўларкан-да”, деганларида ичим зил кетган. Ундан кўра бир тарсаки туширсалар яхши бўларди. 

Телевидениедан арзимаган лавҳани деб ҳайдашганда ҳам, бизнесим касод бўлиб, ақлга сиғмайдиган даражада зарар кўрганимда ҳам, обрўйим, шаънимни ер билан яксон қилишмоқчи бўлганида ҳам енгилмаганман! Фақат яхши ният ва тинимсиз ҳаракат, асосийси, Аллоҳга таваккал қилиш билангина ўйлаган натижаларимга эришиб келяпман”, дея қийинчиликлардан қандай ўтгани ҳақда гапириб берди Комил Алламжонов.

Масс-медиа фонди раисининг таъкидлашича, боланинг шаклланишида оилавий муҳит, ота-онанинг ўрни, таъсири жуда катта.

“Ўқиб, шаҳар оберармидинг?”, “Поддержка қиладиган кимимиз бор, нимангга ишоняпсан?”, “Ҳадеб китоб титгандан кўра, бор, мол-ҳолга қарасанг-чи”, деган гапларни кўп оилаларда эшитамиз. Балки ўзимизга ҳам айтилгандир бундай гаплар. Шунақа гапларни эшитган бола қадди букик, бўйни эгик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб вояга етиши аниқ. Ўзига ишончи бўлмаган, бировга қарам миллат ана шундай шаклланади. 

Биз қандай мақсадлар билан, нима учун яшаймиз ўзи, деган саволга жавоб ҳар доимгидек ўша-ўша: “участка” қуриш, “иномарка” миниш, қарзга ботиб бўлса ҳам дабдабали тўй қилиш... Уёғига – чойхонабозлик. Ҳаётимиз мазмуни – шу”, деди Алламжонов.

Комил Алламжонов ёшларни бу қарашлардан воз кечиб, ўз устида ишлашга, таслим бўлмасликка, илм олиш мотивациясига салбий таъсир қиладиган овозларга қулоқ тутмасликка чақирди.

Мавзуга оид