Ўзбекистон | 21:58 / 02.03.2021
10258
3 дақиқада ўқилади

«ОТМларнинг рақобатга тайёр эмаслигининг сабаби улар қўлда бошқарилишига ўрганиб қолган» – Алишер Қодиров

2 март куни олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот берди.

Kun.uz мухбирига кўра, «Ҳукумат соати» давомида таълимдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан депутат Алишер Қодиров ҳам сўз сўраган.

«Олий таълим тизими – мактаб тизими эмас. У жуда катта бозор. Биз дунё тажрибаси деяпмиз-у, лекин дунё тажрибасидан ҳеч нарса ўрганмаяпмиз.

Олий таълимдаги бугун кўринаётган барча муаммоларга ечим топиб беришни битта вазирдан талаб қилавериш нотўғри.

Депутатлар вазирга нега талабалар жой билан таъминланмаган, нега контрактлар қиммат, таълим сифати паст, квоталар кам, деган саволларни беришяпти. Бу – мантиқсизлик. Нега? Чунки бутун дунёда Олий таълим муассасалари бизнес структура сифатида бир-бири билан рақобатда ишлаяпти», – деди Қодиров.

Депутатга кўра, дунёнинг ривожланган олий таълим муассасалари яратаётган маҳсулотлар ҳисобига давлатлар ва бизнес ривожланяпти. Дунё ОТМлари ривожланган тафаккурли, калласи жойида бўлган яхши-яхши мутахассисларни бозорга тақдим қиляпти ва шу орқали ўзини реклама қиляпти.

«Нима учун одамлар Ҳарвардда ўқишга интилади? Ҳарвард ўзининг талабалари яратган янгиликлар орқали миллиардлаб доллар даромад қилади.

Биз бугун нега талабаларнинг иссиқ-совуғини таъминлаб беролмаяпсиз, дея вазирга савол беряпмиз. Ваҳоланки, ОТМлар бугун ўша маҳсулотни ўзи яратиши керак.

Бир нарсани эътироф этайлик, олий таълим жуда қиммат маҳсулот. У маҳсулотни ақли ва пули борлар ўз келажаги учун сотиб олади.

Олий таълимга кириш учун қобилият бўлиши керак, имконият бўлиши керак.

Одамлар савол беради: имконияти йўқ, қобилияти бор одамлар олий таълим ололмайдими, деб. Йўқ, олади. Унинг ҳам тизимлари бор. Бу ҳомийлик тизимлари. Бизнес ўзи сотиб олади қобилиятли кадрни», – таъкидлади у.

Алишер Қодиров

Алишер Қодировнинг қўшимча қилишича, олий таълим катта рақобат майдони, аммо Ўзбекистонда шу майдон яратилмаяпти.

«Мен ҳозир фақат жой ҳақида гапиряпман, лекин бугун олий таълимда баҳолаш тизимидан тортиб, ўқишга киришгача бўлган жуда катта муаммоли тизим бор.

Орқада қолиб кетаётган жиҳатларимиз жуда кўп. Нега бизда олий таълим рақобатбардош эмас? Ҳатто қўшниларимиздан ҳам ортда қолиб кетяпмиз.

Бугун олий таълим муассасалари рақобатга тайёр эмаслигининг сабаби улар қўлда бошқарилишига ўрганиб қолган. Ҳамма муаммоларни вазир ҳал қилиб берсин, дея вазирга қараб ўтирибди.

Ахир бу ҳам бозор иқтисодиётига ўхшаш нарса. Бозор иқтисодиётида эса нархга аралашдингизми, бозор бузилади. У ерда тизим бузилгач, қўлда бошқаришга тўғри келади.

Олийгоҳларни давлат тасарруфидан чиқаришни қанча тез бошласак, шунча тез сифатли мутахассисларга эга бўламиз», – деди депутат. 

Мавзуга оид