Ўзбекистон | 08:42 / 15.12.2023
20507
3 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров тўғри гапирди, аммо унинг сўзлари нотўғри талқин қилинмоқда — иқтисодчи

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодировнинг автомашиналардан фойдаланиш қиммат бўлиши кераклиги тўғрисидаги чиқишини жуда кўпчилик асл мазмунини англамасдан, нотўғри талқин қилмоқда, дейди АҚШда таълим олаётган ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов.

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан

«Депутат автомашиналар нархини ошириш керак, дегани йўқ. Аксинча, машиналарни нархини тушириб, ҳаттоки божларни бекор қилишни, бироқ шаҳарларда уни эксплуатация қилишни мураккаблаштириш ҳақида гапирди», деб ёзади иқтисодчи ўзининг X (Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Америкада таълим олаётган иқтисодчи, Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов вазиятни кенгроқ қилиб тушунтирди.

«Машина ҳайдаш «қиммат» бўлиши керак, дейиш бироз нотўғри. Чунки, машина ҳайдашнинг харажатлари шундоқ ҳам ҳозир кўп ва қиммат: жамиятга, атроф-муҳитга ва кўчада ҳаракатланишнинг бошқа иштирокчиларига.

Муаммо шундаки, ҳозир бу харажатларни ҳайдовчидан бошқа ҳамма тўламоқда: метрода юрадиган пенсионер ҳам, трасса яқинида яшайдиган аҳоли ҳам, шаҳар ичида ҳаракатланадиган пиёда ҳам.

Улар машинани ўзлари ҳайдамасалар ҳам машина тутунидан, машиналар яратадиган тирбандликдан, ва энг муҳими — машиналар учун яратилаётган қимматли кўприк, трасса ва янги йўллар қурилишини билвосита солиқлари билан молиялаштирмоқдалар.

Шаҳар ичида исталган жойда текин парковка борлиги ва шаҳар ерида исталган жойда бу мулкни сақлаш имконияти борлиги ҳам бунга мисол бўлади.

Алишер Қодиров айтаётган гап, яъни машина ҳайдаш қиммат бўлиш керак дегани, бу машина ҳайдашдан ортидан келиб чиқадиган харажатларни ҳайдовчилар ўзлари қоплашлари керак, демоқчи бўлди холос. Яъни, парковкага, юрадиган йўлингизга, чиқарадиган тутунингизга ўзингиз тўланг, дегани.

Машинага мой қуйилади, бензин олинади. Марҳамат, машина ҳайдашнинг бошқа харажатларига ҳам тўланг. Чунки салондан «бу машинага шаҳарда исталган жойда текин парковка қилиш имтиёзи берилсин», деган ҳужжат қўшиб берилмайди ва шаҳар буни ўз бўйнига олмайди.

Қурилган янги йўлнинг бадали, парковка харажатлари ўша машина ҳайдовчилари ҳисобига бўлиши керак.

Масалан, аэропортга янги йўл қурилишини ундан ўтган ҳар бир машина қанчадир сумма тўлаб молиялаштириши тўғрироқ. У метрода юрган оддий пенсионер ёки машинасиз ишчи-хизматчилар солиқларига қурилиши керак эмас.

Депутатлардан чиққан тўғри гапни тўғри, нотўғрисини нотўғри, дейишимиз керак. Шунинг учун Алишер Қодиров бу масалада ҳақ ва унга тош отилиши нотўғри», деган иқтисодчи.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда тирбандликларнинг олдини олиш учун хусусий транспорт воситалари мақомини ҳал қилиш кераклиги ҳақида гапириб, Ўзбекистонда транспортга хизмат кўрсатишни қиммат қилиш орқали тирбандликни ҳал этишни таклиф қилган эди.

Мавзуга оид