Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Руҳоний АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши ядровий келишувни сақлаб қолишнинг ягона йўли эканлигини айтди
2020 йил декабрда қабул қилинган қонунга мувофиқ, Эронда 23 февралдан ядровий объектларнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) томонидан назорат қилиниши чекланди.
Эрон ядровий дастури бўйича келишув муҳокама қилинмайди ва АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши уни сақлаб қолишнинг ягона йўли ҳисобланади. Бу ҳақда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Франция президенти Эмманюэл Макрон билан телефон орқали мулоқотида айтди.
"Ядровий келишув қайта муҳокама қилинмайди ва уни сақлаб қолишнинг ягона йўли – бу АҚШ томонидан санкцияларнинг бекор қилиниши", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ISNA агентлиги.
Унинг қўшимча қилишича, "Эрон ўз мажбуриятларини бажаришни камайтиришига АҚШнинг ядровий келишувдан чиқиши ва берган ваъдаларини бажармаганлиги сабаб бўлди".
2020 йил декабрда қабул қилинган қонунга мувофиқ, Эронда 23 февралдан ядровий объектларнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) томонидан назорат қилиниши чекланди.
Шу билан бирга, Эрон ХАЭА 23 февралдан бошлаб ядровий объектлардаги кузатув камералари маълумотларига киришдан маҳрум бўлишини, аммо ушбу маълумотлар АҚШ санкциялари бекор қилиниши эҳтимоли учун уч ой давомида сақланишини билдирди. Таъкидланишича, агар Вашингтон ушбу муддат ичида ядровий келишувга қайтмаса, камералар қайд этган барча маълумотлар ўчириб ташланади.