Kun.uz мухбирига кўра, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкилланган тадбирда ёзувчи, шоир ва адабиётшунос олимлар, китобхон ҳамда ёзувчининг оила аъзолари иштирок этган.
Роман ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Германияда таҳсил олган ва собиқ Совет Иттифоқи томонидан шафқатсизларча қатл қилинган ўзбек миллати йигит-қизларининг хотирасига бағишланган.

Унда Германияда ўқиган талабалар, улар маслаги ва фожиали қисмати бугунги ёшлар мақсади билан бир тарозига тортилади.Шу боисдан, асарни миллатнинг ғами, алами, қусурларини яхши ҳис қилган ёзувчининг шу миллатни уйғотишга интилиши, овози, чорлови сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Тадбир давомида академик Наим Каримов сўз олиб, роман мутолаасидан кейинги хулосалари ҳақида гапирди.

«Романни ўқиб чиқдим. У бугунги ёшларнинг онгини, билимга интилишини кўтарадиган, руҳиятидаги қўрқувни йўқотишга чиндан ёрдам берадиган роман бўлган», – деди у.
Филология фанлари доктори Баҳодир Каримовга кўра, «Қўрқма» романини ўзбек адабиётидаги янги босқич сифатида баҳолаш мумкин.
«Ўзбек адабиётида 500га яқин романлар ёзилган. Агар адабиётимиздаги ҳар бир романни рамзий тарзда йўлдаги бекатлар деб олсак, «Қўрқма» бу йўлда шундай бир бекатки, унда ўзбек ўқувчилари узоқ ўтириш, ўйлаш ва аччиқ хулосалар қилишга мажбур бўлади», деди профессор.
Тадбир якунида ёзувчи Жавлон Жовлиев Kun.uz мухбирига роман ёзилишига сабаб бўлган ҳолат ва мақсадлар ҳақида гапириб берди.

«Роман жадидлар томонидан Германияга юборилган 70 талаба тақдири ҳақида. Бу талабалар тақдири билан 2016 йилда, «Улар Германияда ўқиган эдилар» номли китоб орқали танишгандим.
Мен ўша пайтда талаба эдим, ётоқхонада яшардим. Китобни тугатган куни мен ўзимда эмасдим. Мени уларнинг тақдири билан атрофимдаги талабалар, ўзим, умуман, биз тушиб қолган аҳвол оғриқ билан, тинимсиз қийнай бошлади.

















