12:43 / 03.03.2021
17796

Дунёдаги вазият: АҚШда тўртинчи тўлқин таҳдиди, болалар учун яширин хавфлар

Вакциналар кекса кишилар орасидаги ўлим даражасини пасайтирмоқда, Франция AstraZeneca’га муносабатини ўзгартирди, олимлар болаларнинг коронавирусга чалиниши муаммосига яна қайтишга чақирмоқда. «Евровидение» ўтказилади, аммо қатъий қоидалар билан. 

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, пандемия даврида дунёда коронавирусга чалинганлар сони 115 миллионга яқинлашган, 2,5 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Twitter Яқин Шарқдаги сегмент учун коронавирус ҳақидаги текширилмаган ва чалғитувчи постларни шубҳали постлар сифатида белгиламоқда. Минтақанинг кўплаб мамлакатларида касаллик ва вакциналар тўғрисидаги ёлғон маълумотлар тарқатилиши катта муаммога айланган, уларнинг айримларида бундай ёлғон постлар учун катта жарималар ва бошқа жазо турлари жорий этилган.

Вакциналар кексалар орасида коронавирусдан ўлим даражасини пасайтирди
Pfizer ва AstraZeneca вакциналарининг биринчи дозаси қабулидан кейин 80 ёшдан ошган британияликларнинг шифохонага тушиш даражаси 80 фоизга камайган. Бу ҳақда Буюк Британия жамоат соғлиғини муҳофаза қилиш хизмати (PHE) маълумотида келтирилган.

Бу борада дунё статистикаси бироз пастроқ. 70 ёшдан ошганлар гуруҳида Pfizer вакцинасининг биринчи дозаси касалликнинг оғир шаклидан ўртача 60 фоизга ҳимоялайди, AstraZeneca эса 60-73 фоизга.

Шунингдек, Pfizer вакцинаси кекса ёшлилар ўртасида Covid-19’дан ўлимлар даражасини 80 фоизга камайтирган. AstraZeneca бўйича бундай маълумотлар ҳозирча йўқ. AstraZeneca’дан фойдаланиш Европа регулятори томонидан маъқулланган, аммо ЕИнинг кўплаб давлатлари клиник синовлар етарли бўлмагани важи билан уни 65 ёшдан ошганларга қўллашга шошилмаяпти.

Аммо сешанба куни Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги AstraZeneca учун «яшил чироқ»ни ёқди. Француз амалдорларининг сўзларига кўра, бу препарат кекса организмга таъсир кўрсатиши ҳақида маълумотлар кўпайгани билан изоҳланади. Аммо, тиббиётчиларнинг фикрича, бу қарор бошқа вакциналар - Pfizer ва Moderna етказиб берилишидаги кечикишлар билан ҳам боғлиқ.

Ҳозирда бутун Европа бўйлаб вакциналарни етказиб беришда муаммолар кузатилмоқда, шу туфайли Франция ортидан ЕИнинг бошқа давлатлари ҳам AstraZeneca’ни ёши катталар учун қўллашга рухсат бериши кутилмоқда.

АҚШ янги таҳдид қаршисида
Шу билан бирга, бутун дунёдаги мутахассислар коронавируснинг янги штаммлари вакцинация кампаниясини хавф остига қўйиши ва мавжуд вакциналарнинг самарадорлигини сезиларли даражада камайтиришидан хавотирга тушишмоқда.

АҚШда касалланиш кўрсаткичлари бўйича яна ўсиш қайд этилди: ўтган ҳафтада янги касалланганлар сони ҳар куни ўртача 70 мингга ортган, касаллик қурбонлари сони 2 мингга.

«Барчасини аниқ айтмоқчиман: бундай даражадаги статистика ва янги штаммнинг шитоб билан тарқалиши оқибатида биз вирусга қарши оғир курашда эришганларимизни йўқотишимиз мумкин бўлиб қолади. Бу штаммлар - халқимизга ва тараққиётимизга реал таҳдиддир», деган АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари директори Рошел Валенски.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, вирус кўп марталаб мутацияга учраган, аммо британча, жанубий африкача ва бразилча штаммлар энг хавфлилари бўлиб қолмоқда. Америкалик вирусологларнинг ҳисоблашича, АҚШда эпидемиянинг тўртинчи тўлқини бошланиши мумкин, шу билан бирга, мавжуд вакциналар ҳозирча янги штаммларга қарши етарлича самарадорлик кўрсатмоқда, шу туфайли, энг асосийси - эмлаш жараёнини тезлаштириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Майкл Райаннинг фикрича, вакцинация кўп нарсани ваъда қилаётган бўлса-да, вирус устидан узил-кесил ғалабани йил охиригача кутмаслик керак.

«Биз ақл билан ҳаракатлансак, шифохоналарга юкламаларни, пандемия билан боғлиқ ўлимлар ва фожиаларни камайтиришга эришишимиз мумкин», деган у.

Райан сўнгги олти ҳафта мобайнидаги пасайишдан кейин касалланиш бўйича глобал статистикада яна кўтарилиш бошланганини қайд этган.

АҚШ пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакат бўлиб қолмоқда: 28,5 млн.дан ортиқ касалланиш ҳолатлари, ярим миллиондан ортиқ ўлим ҳолатлари - бу бутун дунё бўйича коронавирус қурбонларининг бешдан бир қисмидир.

Болалар ва ковид: яширин ва аниқ таҳдидлар
Британ олимлари болалардаги коронавирус муаммосига қайтишга чақирмоқда. Аввалдан болалар инфекция юқтириш эҳтимоли жуда паст деб ҳисобланган, улар ҳеч қачон касалликнинг жуда оғир шаклига чалинмаслиги (кўп ҳолларда симптомларсиз) ва юқтирувчи бўлмаслиги айтилганди, аммо олимларнинг айтишича, бу омиллар ушбу ёш гуруҳидагиларда касаллик оқибатлари юзага келмаслигини англатмайди.

Британия миллий статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 11 ёшдан кичик болаларнинг 13 фоизи ва 12-16 ёшлар оралиғидагиларнинг 15 фоизида Covid-19 тасдиқланганидан беш ҳафта ўтиб ҳам касалликнинг камида битта симптоми сақланиб қолмоқда.

Бу шуни англатадики, асосан чарчоқ ва нафас олишдаги айрим бузилишлар билан ифодаланадиган «узоқ давом этувчи ковид» болаларга ҳам хосдир.

Буни Британияда мактаблар очилаётган бир вақтда эътиборга олиш керак - айни вақтда болаларга вакцина берилмаяпти, вакцинанинг ушбу ёш тоифасидагилар учун таъсири ҳам текширилмаган.

Британиялик мактаб ўқувчилари мактаб машғулотларига 8 мартдан қайтишади - улар икки ярим ойдан ошиқ вақт давомида масофадан ўқишди.

Save the Children халқаро халқаро хайрия ташкилоти маълумотига кўра, пандемия болалар таълимига жиддий таъсир кўрсатган, бу келгусида айниқса қашшоқ мамлакатларда сезилади.

Ташкилот ҳисобларига кўра, бутун дунёда локдаунлар туфайли болалар ўртача 74 ўқиш кунини йўқотишган, айрим ҳудудлар алоҳида олинса, вазият янада қайғули кўриниш олади.

Ғарбий Европадаги бадавлат давлатлардаги ўқувчилар одатий ўқув дастуридан тахминан 38 ўқув куни ортда қолган, Лотин Америкаси ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги қашшоқ мамлакатларда эса фарқ - 110 кунни ташкил этади.

Шунингдек, айрим давлатларда шаҳар болалари ва қишлоқ ҳудудида яшовчи болалар ўртасида, шунингдек, турли даражада даромад кўрувчи оилаларга мансуб болалар ўртасида жиддий фарқ кузатилмоқда (бу технологиялар мегаполисларда ҳам, провинцияларда ҳам бирдек ривожланган давлатларга тааллуқли эмас).

Уйдаги масофавий таълим самарадорлигида оиладаги компьютерлар сони ҳам муҳим рол ўйнайди.

Швециядаги вазият: ҳомила даврида вирус юқтириб олган чақалоқда вирус қандай мутация бўлди
Швециядаги шифокорлар ноёб ҳолатга дуч келишди, уларга ҳомиладор аёл қорнидаги қаттиқ оғриқ билан мурожаат қилган. Улар ҳомилада юрак уриши секинлашгани ва кислород етишмовчилигини қайд этишган, шундан сўнг чақалоқни қутқариб қолиш учун кесарча амалиёт қўлланган. Таҳлилларнинг кўрсатишича, коронавирусга чалинган она вирусни чақалоққа у туғилмасданоқ юқтирган.

Аммо кейинроқ маълум бўлишича, ҳомила онасидан вирус юқтириб олишидан ташқари, унда A107G номини олган янги штамм пайдо бўлган.

Ҳомила тўлиқ изоляция ҳолатида бўлгани ва штаммни ташқаридан юқтириши мумкин эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, тиббиётчилар чақалоқ туғилишидан олдин юқтириб олган коронавирус чақалоқнинг дастлабки беш кунида генетик ўзгаришларга учраши билан боғлиқ илк ҳолат сифатида қайд этишди. 

Она касалликдан тез тузалган ва туғишидан тўрт кун ўтиб шифохонадан чиққан. Касалликни енгил шаклда ўтказаётган бола ҳам ўзи тузалмоқда, унинг иммун тизими вирусга қарши курашиш учун керак бўлган антитаналарни тезда ишлаб чиққан.

Коронавирус онадан янги туғилган чақалоққа ўтиши ҳолатлари жуда кам учрайди, коронавирус ҳомилада кислород етишмовчилигини келтириб чиқариши ҳолатлари эса деярли кузатилмайди, лекин эндиликда мутахассислар ҳомиладор аёлларга ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтишмоқда, улар янада юқори хавф гуруҳига киритилиши мумкин.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top