19:47 / 04.03.2021
10014

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартириш вазифаси қўйилмоқда

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасида 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартириш вазифаси назарда тутилмоқда. Ишсизлик кўрсаткичи эса келгуси ўн йилда 7 фоизга туширилиши режа қилинган.

Фото: РИА Новости

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «2021–2030 йилларда камбағалликни қисқартириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси жойланди.

Лойиҳага кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда кам таъминланганлик даражасини икки баробарга қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Стратегия қисқа ва ўрта муддатларда (2021–2025 йилларда) ҳамда узоқ муддатларда (2026–2030 йилларда) амалга оширилиши белгиланмоқда.

Лойиҳада қуйидаги мақсадли индикаторларга эришиш кўзланган:

  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали камбағал аҳолининг ижтимоий ҳимоясини 2025 йилда 85 фоизгача, 2030 йилда эса 100 фоиз ёрдам билан қамраб олиш;
  • камбағал аҳолининг иш билан таъминлашига тўлиқ эришиш, бунда босқичма-босқич ошириш орқали йилига 100 мингдан ортиқ эҳтиёжманд ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган фуқаролар учун иш ўринларини квоталаш;
  • ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган камбағал аҳоли қатламларининг 50 минг нафарини рўйхатга олиш, фаолиятини бошлаш, меҳнат қуроллари сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун субсидиялар ажратиш;
  • камбағал аҳоли қатламини касб-ҳунар, хорижий тил ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда танлаган йўналиши бўйича микрокредитлар ажратиш орқали фаолиятини бошлаши билан 50 минг нафар камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш;
  • камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражасини ўртача қамров даражасидан ошириш, 2025 йилга бориб 600 минг, 2030 йилга бориб эса 800 минг нафар эҳтиёжманд ва кам даромадли оилалар фарзандларига ўқув йили бошида бир марталик ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар сотиб олиши учун ёрдам пулларини ажратиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан 2 мингдан 5 минг нафаригача олий ўқув юртларида таҳсил олишига кўмаклашиш;
  • ногиронлиги бўлган камбағал оилалар фарзандларининг ижтимоий ҳимояси, таълим олиши ва соғлиғини тиклаш чораларини янада кучайтиришга эътибор қаратиш;

камбағал аҳолининг соғлиқни сақлаш хизматларидан 100 фоиз бепул фойдаланишига имконият яратиш, махсус реестрларга киритилган эҳтиёжмандлардан 5 минг нафарига ҳар йили соғлиғини тиклаш ва соғломлаштириш мақсадида шифохоналарга ордер ва сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратиш.

Шунингдек, ҳужжатда уй-жойга муҳтож, оғир турмуш шароитларида яшаётган камбағал аҳоли қатламларига, биринчи галда хотин-қизларнинг ҳар йили 1 минг 500 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 10 минг нафаригача ижара тўловларини қоплаб бериш, кам даромадли оилаларнинг 20 минг нафарига арзонлаштирилган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиши учун бошланғич бадал ва субсидиялар тўлаб бериш назарда тутилмоқда.

Қарор билан юқоридаги барча чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш орқали 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартириш белгиланяпти.

Лойиҳада келтирилишича, стратегия БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари, маҳаллий илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари, вазирлик ва идоралар томонидан кенг муҳокама қилинган.

Стратегияда аҳоли бандлиги борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражасини 2021 йил якунида 10,5 фоизга, 2025 йилда 8,5 фоиз ва 2030 йилда 7 фоизга туширишга эришиш белгиланган. 

Top