Хусусан, Ойдаги 1577 кратерга таниқли олим, муҳандис ва тадқиқотчилар номи берилган. Аммо уларнинг атиги 26 нафаригина аёллардир. BBC нашри ушбу аёллар ким экани ва бу рўйхатда нега эркакларга нисбатан аёлларнинг номи камлигини ўрганиб чиқди.

Кратерларга кимларнинг номи берилади?

Кратерларнинг аксарияти буюк ихтиролар ёки ғояларга йўл очган олим ёки файласуфлар номи билан, шунингдек, маъбуда ёки мифологик мавжудотлар номи билан аталади.

Файласуф Платон, астроном Галилео Галилей ва математик Исаак Ньютон – кратерларга исми берилган машҳур инсонлардир. Шунингдек, истисно тариқасида, Ойнинг Ер томони деб аталувчи минтақасида жойлашган Lacus Somniorum ёки «Орзулар кўли» атрофидаги кратерга машҳур поп юлдузи Жон Ленноннинг исми берилган.

Аммо ном берилган 1577та кратернинг атиги 2 фоизидан камроғи олима аёллар номи билан аталгани сабабли, уларнинг кимлигини аниқлаш ўзига хос «тадқиқот»ни талаб қилади.

Боз устига, аёлларнинг исми берилган кратерларнинг деярли барчаси Ойнинг Ердан кўринмайдиган қисмида жойлашган.

Исмларни ким танлайди?

Астрономик ҳодисаларга берилган номларни тасдиқлаш ваколати 1919 йилдан бери Халқаро астрономия жамияти (IAU)га оид. Аммо Ойдаги баъзи исмларнинг келиб аниқлаш учун Галилео Галилей телескоп билан Ой юзини тадқиқ этган 1610-йилларга назар ташлаш лозим.

«1651 йилда италиялик астроном Жованни Риччоли Ойдаги кратерларга ном берган илк олим бўлди», дейди Австралия астрономик ёруғлик илми мактаби ўқитувчиси, покистонлик астроном, доктор Тоййиба Зафар.

«Риччоли томонидан 147та кратерга атаб қўйилган инсон исмларидан фақат иккитасигина аёлларга тегишли эди. Ҳипатия исмли аёл реал тарихий шахс, аммо искандариялик авлиё Кетрин реал ҳаётда мавжуд бўлмаган бўлиши мумкин», дея қўшимча қилади Америка Астрономия ассоциацияси президенти Меган Донахуе.

Кейинги асрларда Ой юзасида топилган янги шаклларга асосан эркак олимлар ва тарихий шахсларнинг номи берилган. Чунки доктор Тоййиба Зафар таъкидлаганидек, ўша йилларда аёлларнинг мунтазам таълим олиши ва машғулотларга қатнашишига тўсқинлик қилинган.