Ўзбекистон | 13:11 / 11.03.2021
15148
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда балиқ маҳсулотларининг сифати пасайганига нима сабаб бўлгани айтилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Балиқ ва балиқ маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги йилларда балиқ маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги даражаси бир қатор сабабларга кўра сезиларли даражада пасайган.

Улар:

  • эскирган технологик ускуналардан фойдаланиш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хомашё ва ёрдамчи материалларнинг заҳарли моддалар билан (поликлоробифенил, алифатик ва полиароматик углеводородлар, оғир металлар ва бошқалар) ифлосланиши;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган ичимлик суви сифати пасайиши;
  • балиқни қайта ишлаш корхоналарининг санитария-гигиеник ҳолати;
  • балиқ маҳсулотларини ташиш ва сақлаш шароитлари санитария меъёрларига жавоб бермаслиги;
  • хавфсизлик стандартларига, шу жумладан органолептик кўрсаткичларга - ҳид, ранг ва таъмга риоя қилмаслик;
  • ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш чораларининг етишмаслиги ва бошқалар.

Таъкидланишича, лойиҳани ишлаб чиқишда Ўзбекистонда амалдаги 8та халқаро стандарт, 163та давлатлараро стандарт ва 11та ташкилот стандарти таҳлил қилинди.

Махсус техник регламент лойиҳаси “Сodex alimentarius” стандарти ва Божхона иттифоқининг “Балиқ ва балиқ маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламенти асосида эксперт кенгаш томонидан ишлаб чиқилди.

Техник регламент лойиҳасига қуйидаги талаблар киритилмоқда:

  • балиқ маҳсулотлари таркибидаги токсик элемент меъёрлари сифатига талаблар;
  • балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, тасарруф этиш, шунингдек балиқ маҳсулотлари эркин ҳаракатини таъминлаш учун тамғалаш ва қадоқлашга оид талаблар;
  • ёш болалар, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар овқатланиши учун балиқ маҳсулотларининг озуқавий қиймати ва хавфсизлик кўрсаткичларига талаблар.

Кутилаётган натижалар:

  • балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун қулай шарт–шароит яратиш;
  • четдан кириб келаётган хавфли бўлган маҳсулотлардан ички бозорни ҳимоялаш;
  • халқаро меъёрларни миллий меъёрларга уйғунлаштирган ҳолда экспорт салоҳиятини ошириш;
  • балиқ маҳсулотлари хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатлар олдини олиш.

Мавзуга оид