Жамият | 17:20 / 12.03.2021
19665
7 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғонда янги қурилган боғча янгига ўхшамайди. У икки йилдан бери қайта таъмирланяпти

7-сонли давлат боғчасини капитал қуриш учун бюджетдан 2,5 млрд сўмдан ортиқ пул сарфланган. Қурилиш битгач эса, ундаги камчиликларга қарамай, масъуллар бинони қабул қилиб олаверган.

Kun.uz сайтига мурожаатлардан бири Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 7-МТТ жамоасидан бўлди. Шикоятда ушбу МТТ яқинда янгидан қурилганига қарамай, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани боис турли нуқсонлар кўзга ташланаётгани айтилади.

Биз ушбу боғчага бориб, ҳолатни ўргандик. Дастлаб, туман марказидан унча узоқ бўлмаган 7-МТТдаги умумий аҳвол ҳақида сўз юритсак.

Фойдаланишга топширилганига 2 йил ҳам бўлмаган МТТ ошхонасида кафеллар тушиб кетган, ҳаво айланиш тизими меъёрда эмаслиги боис деворларнинг юқори қисмини моғор босган, айрим хоналар деворларида ёриқлар пайдо бўлган.

Гуруҳларда болалар ҳожатхоналарида оқова сувнинг оқишида ҳам муаммолар бор.

Боғчани қурган «Тўрақўрғон қурилиш сервис» хусусий корхонаси вакили Исмоил Турғуновнинг айтишича, қурилишдан кейинги камчиликлар ва вужудга келган нуқсонларни бартараф этиш учун корхона барча ишларни бепул амалга оширади.

«Корхонамиз 2018 йил август ойида 7-МТТни капитал қуриш бўйича тендерда ғолиб бўлди ва бу ҳақда 2018 йил декабрида ҳоким қарори чиқарилди. Объектни топшириш ишлари йилнинг совуқ кунларига тўғри келгани сабабли ҳозиргача унинг асоратлари бўй кўрсатиб туради.

Бундай нуқсонлар асосан пардозлаш ишларида кўзга ташланади, уларни биз бартараф қилиб берамиз. Бино конструкциясида хатарли ишлар бўлмаган. Биз кафеллар кўчиши билан боғлиқ камчиликларни ҳам тузатишга кафолат хати ёзиб берганмиз. Буларни тез кунларда бартараф этамиз. Бундай ҳолатларга карантин вақтида ташкилот ишламагани ҳам сабабдир», – деди Исмоил Турғунов биз билан суҳбатда.

Турғуновнинг айтишича, бинонинг тендер нархи 2 млрд 544 млн сўмга баҳоланган. Бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 95,5 фоизи тўлаб берилган.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишни истардик. Бизга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, гарчи бино қурилиши 2019 йил февралга қадар деб белгиланган бўлса-да, туман ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги қарори билан МТТ фойдаланишга қабул қилинган.

7-МТТ мудири Маҳбуба Холиқованинг Kun.uz мухбири билан суҳбатда билдиришича, туман ҳокими қарорига «Тўрақўрғон қурилиш сервис» ХК хати ва давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси асос қилиб кўрсатилган. Бироқ, Холиқова ушбу билдиришномага имзо қўймаган, чунки бинода фойдаланишга топширилмасдан аввалроқ қатор камчиликлар бўлган. Аммо, далолатномага мудир ўрнига туман МТБ раҳбари Зайнабхон Умарова имзо чеккан.

Ихтиёримиздаги ҳужжатларга назар соладиган бўлсак, МТТ қабул қилинганидан кўп ўтмасданоқ, бино ва ҳудудда камчилик ва нуқсонлар аниқлана бошланган. Албатта, қурилиш корхонаси уларни таъмирлаб бериш бўйича кафолат хати ҳам ёзиб берган.

Янги қурилган МТТ биносида кўрилаётган бундай камчиликлар юзасидан изоҳ сўраб, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуфаттоҳ Йўлдошевга мурожаат қилдик.

«Буюртмачи – Наманган вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси томонидан пудратчи танлаб олинган. Бажарилаётган қурилиш ишларининг ҳажми, сифати ушбу инжиниринг компанияси томонидан назорат қилиб борилган. МТБ ҳам ойига бир марта бориб, текшириб турган.

Маълумки, давлат Архитектура назорат инспекцияси қурилиш ишларининг асосан сифатини кўриб боради. Асосий пардозлаш ишлари йилнинг ноябрь-декабрь ойларига тўғри келган. Қурувчи томонидан бино конструкциясида ҳеч қандай ўзгаришга йўл қўйилмаган. Лойиҳада нима назарда тутилган бўлса, барчаси бажарилган, лойиҳадан четга чиқиш бўлмаган», – дейди МТБ бошлиғи ўринбосари.

Абдуфаттоҳ Йўлдошев, Наманган вилояти МТБ бошлиғи ўринбосари

У, шунингдек, пудратчи ташкилот бинода аниқланаётган камчиликларни иккинчи йилдирки ўз ҳисобидан тузатиб, таъмирлаб бераётганини ҳам қайд этди.

«Қурувчига раҳмат, камчиликларни тузатиб беришини айтди. Лекин, улар қилиб бермасликка ҳақи бор. Чунки қурилишнинг кафолат муддати бир йил бўлади. 2019 йил март-апрель ойларида қурилишни қайтадан қилиб берган. Чунки пардозлаш ишлари қиш вақтида бажарилгани сабабли, баҳорга келиб деворларнинг кўп жойида сувоқлари кўчган. Пудратчи ташкилот ўша камчиликларни тузатиб берган», – деди Абдулфатто Йўлдошев.

Хуллас, орадан салкам 2 йил ўтаётган бўлса-да, бир томондан қурилиш корхонасига пули тўлиқ тўлаб берилмаган, иккинчи томондан янгидан қурилган МТТ биносида нуқсонлар ҳам барҳам топмаяпти. Айни кунларда ушбу МТТда яна тузатиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Биз давлат қабул ҳайъати 2018 йил 28 декабрида МТТ биноси фойдаланишга яроқли бўлмаса-да, нима учун қабул қилишга доир далолатномани имзолагани ҳақидаги саволга жавоб тополмадик.

Наҳотки, шу йилларда қурилган ва фойдаланишга қабул қилинган бинолар кўр-кўрона қабул қилинган бўлса?!

Масаланинг кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳати бор.

Қурилган ва қурилаётган МТТларнинг қанчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли бажарилган, қанчасида ишлар хўжакўрсинга, «мендан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида бажарилмоқда экан?! Бу ишларнинг сифатини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш механизми нима учун ишламаяпти?

Ахир, МТТларнинг ҳеч бири кўчадан супуриб олинаётган пулларга барпо қилинаётгани йўқ, республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан, солиқчилар тўлаётган пуллар эвазига барпо қилинмоқда. Айниқса, янгидан қурилаётган бинолар камида 4-5 йил таъмирсиз, қўшимча харажатсиз хизмат қилиши керак эмасми? Ахир, ҳар бир янги МТТга сарфланаётган пуллар ҳақида сўз кетганда миллиардлардан гапирилмоқда!

Йўлдошевга кўра, 2018-19 йилларда МТТларни қуриш ва таъмирлаш ишлари Наманган вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилган. Шунга биноан, асосий назорат ҳам ушбу ташкилот зиммасида бўлган. Эндиликда, МТТларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари учун Мактабгача таълим вазирлигининг Инжиниринг компанияси ташкил этилган.

МТВ ҳузурида ташкил этилган Инжиниринг компанияси ўз вазифасини сидқидилдан бажариши, ҳар бир ишлатилаётган қурилиш материаллари стандартларга мувофиқ келишини жиддий назоратга олиши, бажарилган ишлар сифатини танқидий баҳолаши лозим. Акс ҳолда, юқоридаги ҳолатлар бошқа боғчаларда ҳам бўй кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид