Ўзбекистон | 18:57 / 16.01.2023
12644
2 дақиқада ўқилади

Нанай туризм қишлоғига айлантирилмоқда

Наманганнинг Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғи ҳозирда бир вақтнинг ўзида 2500 сайёҳни қабул қила олади. 2025 йилгача қишлоқда туризм учун қўшимча қулайликлар яратилади.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилмоқда. Туризм ва маданий мерос вазирлигидан маълум қилишларича, бу – вилоят ҳокимининг 2023–2024-йилларда туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Таъкидланишича, Нанай қишлоғи бир вақтнинг ўзида 2500 нафар сайёҳни қабул қила олади. Шундан 150 та уй меҳмонхонаси 1500 нафар сайёҳга, бошқа дам олиш масканлари эса 1000 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги
Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

“Айни дамда Нанай қишлоғида қўшимча туризм турлари ва хизматларини ривожлантириш мақсадида экстремал туризм, спорт ва отда сайр хизмати, 10 та овқатланиш шохобчаси, 10 дан ортиқ савдо нуқтаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, қишлоқда 150 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, 20 тага яқин гастрономик хонадон, шунингдек, ҳунарманд (уй) фаолияти йўлга қўйиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш белгиланган”, – дейилади хабарда.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги
Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Вазирликнинг қайд этишича, Нанай туризм қишлоғида 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда ҳунармандчилик маркази, 2023–2025 йилларда эса селфи ҳудудлари, 7 та автотураргоҳ, 10 та йирик дам олиш масканлари қурилиши кўзда тутилган.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда Навоий вилоятидаги Дара ва Қашқадарёдаги Башир қишлоқлари ҳам туризм қишлоғига айлантирилмоқда.

Мавзуга оид