«Насаф» ва «Пахтакор» ўртасидаги ҳар қандай турнирни безаши мумкин бўлган ажойиб учрашувдан бошланган чемпионатимиз, 2-турда жанжал билан давом этди. «Сўғдиёна» – «Турон» ўртасидаги баҳсда ҳакам ноҳақ пенальти белгилади ва бу учрашув тақдирини ҳал қилди. Ўйиндан кейин эса меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов ўзини тутиб тура олмади, жамоаси иштирок этган ўйиндаги ҳакамликлар ҳақидаги фикрларини очиқ, дадил ва бироз қўпол тарзда баён қилди. Албатта, бунинг давоми бўлади.
Энг аҳамиятли нуқта шу – бу воқеанинг давоми ва оқибатлари. Ҳакамларнинг қўпол хатолари бутун дунёда, ҳатто VAR ёрдами билан ҳам содир бўлмоқда, ҳатто Лигалар ўйиндан кейин бу хатоларни тан олган ҳолатлар бор. Мураббийларнинг қуюшқондан чиқишлари, нотўғри сўзлар ишлатишлари ҳам бўлиб туради, одатда мураббийлар бир неча ўйинга дисквалификация ва жарима билан қутуладилар.
«Сўғдиёна» – «Турон» учрашуви ва ундан кейинги ҳолатларга баҳо бериш қай тариқа амалга оширилади ва унинг оқибатлари учун ПФЛ жавобгар бўла оладими, барча масала шунда. Нима демоқчиман?
Биринчи воқеа – ҳакамнинг қўпол хатоси. Иккинчи воқеа – Исмоиловнинг ўйиндан кейинги фикрлари.
Ҳакамнинг хатоси атайлаб ёки техник инсоний фактор, яъни шунчаки, вазиятни кўрмай қолгани туфайли рўй бериши мумкин. Шахсий фикримча, ҳакам худди пенальти беришни жуда истагандек, шошилинч тарзда, худди тўп қўлга текканини аниқ-тиниқ кўргандек қарор чиқаргани бироз ғалати бўлди. Аммо бу менинг фикрим, ПФЛ бу вазият бўйича ҳакамнинг ҳисоботини ва ҳакамлар қўмитасининг таҳлилини тинглаши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу тарздаги қўпол хатолар камида ҳакамнинг етарлича малакали эмаслигини кўрсатади. Бу тушунарли.

Энди Исмоиловнинг гапларига келамиз. Мураббий анча эмоционал ҳолатда бўлганини ҳам эътиборга оламиз, лекин у ҳакамнинг малакаси ҳақида эмас, атайлаб пенальти белгилаганини иддао қилди, «ўйин давомида вазият пойлади», «пул бермаганимиз учун калламизни олишди» қабилидаги сўзларни ишлатди. Бу жуда жиддий айблов ва шундай қолмаслиги керак. ПФЛми, Этика қўмитасими, Тартиб-интизом қўмитасими, ким бўлсаям, Исмоиловдан изоҳ талаб қилиши керак?
Хўш, мураббий жаҳл устида ҳакамни коррупцияда айбладими? Ёки ростан ҳам парда орқасида нимадирлар рўй берганми? Айтилган фикрлар борасида мураббийнинг ва клубнинг расмий шикояти ёки фикри олиниши ва шу асосда вазият тўлиқ ва холис ўрганилиши керак.

















