Иқтисодиёт | 20:17 / 17.03.2021
5481
6 дақиқада ўқилади

Бюджет даромадларининг солиқ ва божхона тушумларидан шаклланган қисми маълум қилинди

Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 22,5 фоиз) ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 68 фоизга, 2019 йилга нисбатан 18,5 фоизга ошди.

Молия вазирлиги Ўзбекистон бюджети даромадлар қисмининг 2020 йил ижроси бўйича дастлабки натижаларини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилда бюджет даромадлари 79,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 19,4 фоиз), 2019 йилда 112,2 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 21,9 фоиз), 2020 йилда 132,9 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 22,5 фоиз) ташкил этди.

Бюджетдан ташқари жамғармалар билан биргаликда консолидациялашган бюджет даромадлари 2020 йилда 154 триллион сўм бўлиб (ЯИМга нисбатан 26 фоиз), 2018 йилга нисбатан 1,4 баробардан, 2019 йилга нисбатан 1,1 баробардан кўпроқ ошди.

Консолидациялашган бюджет даромадлари 2018 йилда 107 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,3 фоиз), 2019 йилда эса 137,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,7 фоиз) ташкил этган.

Солиқ ва Божхона қўмиталари таъминлайдиган даромадларнинг 2018-2020 йиллардаги динамикаси

Давлат солиқ қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 2018 йилга нисбатан деярли 2 баробарга ошди ҳамда 103,6 триллион сўмни ташкил этди (2018 йилда 54,2 триллион сўм, 2019 йилда 83,4 триллион сўм).

Давлат божхона қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2018 йилга нисбатан 2 баробарга ошди ва 2020 йилда 24,7 триллион сўмни ташкил этди (2018 йилда 11,5 триллион сўм, 2019 йилда 17,1 триллион сўм).

Давлат бюджети даромадлари таркибидаги ўзгаришлар

2018 йилда бюджет даромадлари асосан билвосита солиқлар ҳисобига шаклланган ва уларнинг улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилган. Уч йиллик натижаларга кўра, бевосита ва билвосита солиқларнинг нисбати ўзгарган.

Ўзбекистон бюджетида 2020 йил якуни билан бевосита ва билвосита солиқлар улуши деярли тенг бўлди: 34 фоиз бевосита солиқлар ва 34,9 фоиз билвосита солиқлар.

Тўғри солиқ даромадларининг ўзгариши

Фойда солиғи тушумлари ҳисобот даврида 8,7 баробарга ошган ва 2020 йилда қарийб 28,7 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 4,9 фоизини ташкил этган.

2019 йилда солиқ ставкаси 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди. Шу билан бирга, банклар тушумлари 2018 йилга нисбатан 2019 йилда деярли 2 баробарга, 2020 йилда эса 3 баробарга ошган.

2020 йилда 52,5 фоиз солиқ тўловчиларнинг фойда солиғи бўйича тушумлари 25 фоиздан (асосий ўсиш ставкасининг 12 фоиздан 15 фоизга ошиши) кўпроққа ошди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 2020 йилда 15,1 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 2,6 фоизини ташкил этди. Солиқ тўловчилар сони 2020 йил ноябрь ойида 2018 йил ноябрга нисбатан 12,2 фоизга ўсди. Бу кўрсатгич 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 6,9 триллион сўмга ошиб, 13,3 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 2,6 фоизини ташкил этганди.

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича тушумлар 2020 йилда 2018 йилга нисбатан 3,5 баробарга камайди ва 1,4 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 0,2 фоизини ташкил этди.

Билвосита солиқлар бўйича даромадларининг ўзгариши

Қўшилган қиймат солиғи бюджет даромадларининг асосий манбаларидан биридир. Мазку солиқнинг 2020 йилда давлат бюджети даромадларининг жамидаги улуши 30,3 фоизни ташкил этди (2019 йилда 33 фоиз).

ҚҚС бўйича тушумлар 2018-2019 йилларда 64,9 фоизга ошди (22,5 дан 37,1 триллион сўмгача). Шу билан бирга, ЯИМдаги улуши 5,5 фоиздан 6,9 фоизга ошди.

2020 йилда ҚҚС тушумлари миқдори 40,2 триллион сўмни ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 3,2 триллион сўмга ёки 8,6 фоизга кўпдир (ҚҚС ставкаси 2019 йил 1 октябрдан 20 фоиздан 15 фоизга туширилди).

Хусусан, солиқ идоралари томонидан маъмурийлаштириладиган ҚҚС тушумлари 2020 йилда 20,5 триллион сўмни ташкил қилди ёки ўтган йилга нисбатан 13 фоизга камайди.

Божхона идоралари томонидан импорт товарларга ундириладиган ҚҚС 2020 йилда 19,7 триллион сўмни ёки 2019 йилга нисбатан 47 фоизга кўпни ташкил этди.

2020 йилда акциз солиғи тушумлари 11,7 триллион сўмни ташкил этди ёки 2019 йилга нисбатан 1,4 триллион сўмга (13,5 фоиз) ошди. 2020 йилда жами бюджет даромадларидаги ушбу солиқнинг улуши 8,8 фоиз (2019 йилда 9,2 фоиз, 2018 йилда 6,3 фоиз)ни ташкил этди.

Божхона божларидан 2020 йилда 3,6 триллион сўм маблағ ундирилиб, 2018 йилда бу кўрсатгич 1,8 триллион сўмни ташкил этган ва 2 баробарга кўпайган.

Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича даромадларнинг ўзгариши

2020 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 21,3 триллион сўмни (ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоиз), 2019 йил тушумлари билан солиштирганда 1,6 триллион сўмга ва 2018 йил билан солиштирганда 8,6 триллион сўмга кўпроқни ташкил этди. Ресурс солиқларидан тушумларнинг асосий қисми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа (77,2 фоиз) тўғри келади.

2020 йилда мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар деярли 2019 йил даражасида сақлаб қолинди ва 4,8 триллион сўмни ташкил этди, 2018 йил билан солиштирганда эса бу кўрсатги 0,6 триллион сўмга кўпайди.

Маълумот учун, 2020 йил 1 январгача қишлоқ хўжалиги корхоналари барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўрнига ягона ер солиғи тўлаганлар.

Бунда 2020 йилда юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи 2019 йилга нисбатан 312,9 миллиард сўмга, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича 103 миллирад сўмга қисқарди.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушум 2020 йилда 73,1 миллиард сўмга қисқариб, 733,4 миллиард сўмни ташкил қилиб, 2018 йил билан солиштирганда 25,1 миллиард сўмга кўпайди.

Ҳисоботнинг бошқа тушумлар ва солиққа оид бўлмаган тўловлардаги ўзгаришлар қисмида Давлат солиқ қўмитаси бўйича солиқсиз тушумлар 2020 йил давомида 5,8 триллион сўмни ташкил этгани келтирилган.

Аввалроқ, давлат бюджети даромадларининг асосий қисми қандай солиқлар ҳисобига шакллангани маълум қилинганди.

Шунингдек, Молия вазирлиги 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида давлат бюджети даромадлари 58,2 триллион сўмни ташкил этганини очиқлаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид