Ўзбекистон | 22:17 / 17.03.2021
5517
3 дақиқада ўқилади

Экспортёрлар ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиққанда алданиб қолишмоқда – Экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари экспорт қилувчи корхоналарда илм, тажриба етишмаслиги яққол кўриниб қолаётганини, экспортёрлар шартномани ўқимасдан туриб тасдиқлаб юбориши ҳолатлари кўп учрашини айтиб ўтди.

16 март куни «Ўзбекистон экспортини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш» мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ёрқин Маликов экспортчи корхоналар йўл қўяётган хато ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, республика бўйича мурожаат қилаётган экспортёрларнинг аксарияти маҳсулотларини сотиш учун бозор топишга ёрдам сўрашади. Шунингдек, тадбиркорлар маҳсулотини қандай экспорт қилиш ва шартнома имзолаш борасида етарли тажрибага эга эмас.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон учун ташқи бозорлар сони анча кўпайди. Эндиликда экспорт қилувчи корхоналарда илм, тажриба етишмаслиги яққол кўриниб қолмоқда. Агар қайсидир хорижий давлатдан мижоз келадиган бўлса, улар экспортёр компанияларимиз билан ўтириб, музокараларга киришади. Аммо кўпчилик экспортёрларда маҳсулотни вақтида етказиб бериш, маркетинг, менежмент ишлари яхши йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, республикадаги экспортёрлар ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиққанда алданиб қолишмоқда. Масалан, корхоналар олдиндан шартномада кўрсатилган маблағни олмасдан Россияга ўз маҳсулотини чиқариб юборган, лекин кейинчалик ўша импортёр компания йўқ бўлиб қолган. Биздаги экспортчи корхоналарда шартномани ўқимасдан туриб тасдиқлаб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу эса хорижий компанияларнинг фойдаси ва манфаатига хизмат қилмоқда», дея Ёрқин Маликовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ёрқин Маликов

Мутахассиснинг урғу беришича, шартномаларда низо келиб чиққан ҳолатда уларни кўриб чиқиш учинчи давлатда амалга оширилиши кўрсатилган. Баъзи тадбиркорлар 20-30 минг доллар маҳсулот экспорт қилади, агар низоли вазият бўлиб қолса, учинчи давлатга бориб уни ҳал қилиш уларга катта молиявий муаммолар келтириб чиқаради.

Экспортчи компанияларга шартнома тузишдан олдин Экспортчилар уюшмасига мурожаат қилиб, юрист маслаҳатини олиш тавсия қилинди.

Аввалроқ, германиялик мутахассис Ронни Ҳайне бюрократия, божлар, эркин савдонинг йўқлиги, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш етишмаслиги Ўзбекистон экспорт тизими ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар эканини айтиб ўтганди.

Шунингдек, Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров ҳокимликлардаги совет пайтидан қолган «экспорт режаси» тизими тадбиркорларни қийнаётган оғриқли муаммолардан яна бири эканлигини таъкидлаган.

Мавзуга оид