Ўзбекистон | 08:44 / 17.03.2021
5467
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда сунъий нафас олиш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳага 6 млн доллар жалб этилган

16 март куни Тошкент шаҳрида ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратларини (ИВЛ) ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Корхона йилига 500 дона ИВЛ аппарати ва 200 дона наркоз-нафас олиш аппарати ишлаб чиқаради.

Лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги, Россиянинг «Shimco Group» ва Словакиянинг «Chirana Asia» компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн долларга тенг бўлиб, 100 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Биринчи босқичда 2 млн доллар миқдорида инвестиция киритилгани, ЎСВ аппаратларини йиғиш цехи ишга туширилиб, 25 нафар иш ўрни яратилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, «Chirana Asia» компаниясининг аппаратлари дунёнинг машҳур брендлари «Драгер» (Германия), «Гамильтон» (Швейцария) қаторидан ўрин эгаллаб, бошқа компания моделларидан фарқли равишда уч босқичли вентиляцияни амалга оширади.

Kun.uz мухбири лойиҳа юзасидан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновга юзланди.

«Пандемия даврида юқори технологияли асбоб-ускуналарга талаб жудаям катта бўлди. Эҳтиёж ошиб кетгандан сўнг бу технологияларни топиш жудаям қийин бўлди. Шу сабабли Словакиянинг «Chirana Asia» компанияси билан музокаралар ўтказилди ва Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди.

Бу ускуналар дунё аналогларидан камида 30 фоизга арзон. Бунинг иқтисодий самарадорлиги ҳам бор. Қолаверса, буни қўшни мамлакатларгаям экспорт қилиш бўйича режалар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда 500 дона йиллик қувватига эга ишлаб чиқариш амалга оширилаётган бўлса, кейинчалик буни кенгайтирмоқчимиз. Албатта, бу талабга қараб амалга оширилади. Лойиҳа доирасида 6 млн доллардан ортиқ тўғридан тўғри инвестиция жалб қилинган», – деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 80 фоизигача бўлган ҳажми Марказий Осиё мамлакатларига – биринчи навбатда Афғонистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Мавзуга оид