Ўзбекистон | 01:52 / 20.03.2021
5877
3 дақиқада ўқилади

Туман ва шаҳарлар бюджети харажатларининг 5 фоизи фуқаролар иштирокида сарфланиши белгиланмоқда

Президент қарори лойиҳасида 2021 йилдан эксперимент тариқасида фуқаролик бюджети жорий этиладиган туманлар ва шаҳарлар тасдиқланиши назарда тутилмоқда. 2022 йилдан эса барча ҳудудлар қамраб олиниши белгиланяпти.

«Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага чиқарилди.

Лойиҳада 2021 йилдан бошлаб эксперимент тариқасида фуқаролик бюджети жорий этиладиган туманлар ва шаҳарлар тасдиқланиши белгиланмоқда.

2022 йилдан бошлаб фуқаролар ташаббуси жараёни учун барча туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган харажатларининг 5 фоизига тенг миқдордаги маблағлар ҳамда қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи йўналтирилиши мумкин.

Лойиҳада қайд этилишича, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағларини ажратиш ва улардан фойдаланиш жараёнида таклиф қолдириш, овоз бериш ва таклифларни саралаб олиш, тадбирлар ижросини мониторинг қилиш «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали амалга оширилади.

Ҳужжат билан 2021 йилнинг 1 апрелидан туман ва шаҳарлар ҳокимликлари молия бўлимларининг ташкилий тузилмасига 1 штат бирлиги миқдорида фуқаролар ташаббуси бюджети маблағларининг шаклланиши ва сарфланиш жараёнини бошқариш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада келтирилишича, Молия вазирлиги дастлабки жараёнда республика бюджети ҳисобидан эксперимент тариқасида танлаб олинган туман (шаҳар)лар бюджетларига бир ҳафта муддатда 92,7 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминлайди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 июнига қадар фуқаролар иштирокидаги ташаббусли бюджетлаштиришни ривожлантириш дастури ва унинг амалга оширилиши юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилади.

Бунда фуқаролар ташаббуси асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш ҳамда уларнинг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун мезонларга мослигини мониторинг қилиш имкониятига эга бўлади.

Ҳар бир ҳудуд ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, танлаб олинган лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағларни ажратиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 августда Ўзбекистон президентининг «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокини таъминлаш, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш механизми жорий этилган.

Мавзуга оид