Ўзбекистон | 18:19 / 22.03.2021
5294
3 дақиқада ўқилади

«Матбуот қонунлар билангина мувофиқлаштирилиши керак» — Алламжонов АОКАни ислоҳ қилиш ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев декабрь ойида парламентга қилган мурожаатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ислоҳ қилиниши кераклигини айтганди. Агентликнинг собиқ раҳбари, айни пайтда Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов Kun.uz'га берган интервьюсида шу ҳақда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Менга АОКА фаолияти ҳақида гапириш эриш туюлади. Чунки ўзим ишлаб кетган жойим. Менда кейин келган раҳбарга мен эмас, кўпроқ сизлар [журналистлар] баҳо беришингиз керак. Чунки ҳамманинг иш услуби ҳар хил. АОКА фаолияти яхши томонга ёки ёмонга ўзгардими, мен фикр билдиришим нотўғри.

Президентнинг танқидларидан кейин АОКАнинг ҳолати қандай бўлиши керак дейилса, аслида матбуот соҳасининг регулятори, бу соҳани назорат қилувчи ташкилот бўлиши керак эмас деб ҳисоблайман. Бу менинг шахсий фикрим. Чунки демократик жамият қураётган эканмиз, матбуот қонунлар билангина мувофиқлаштирилиши керак. Алоҳида бир ташкилот ёки идоралар билан эмас. Қонунлар ишлаши керак, матбуот билан боғлиқ ҳар қандай баҳсли масалалар фақатгина суд ёрдамида ҳал қилиниши керак.

Мен биринчи у ерга раҳбар бўлиб тайинлаганимда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги эди. Кейин уни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирдик. Ташкилот статусини баланд қилиб кўтаришдан мақсад – бир томондан, матбуот котиблари фаолиятини ташкил этиш, ислоҳ қилиш ва обрўсини ошириш бўлса, иккинчи томондан, матбуотни тўртинчи ҳокимият даражасига олиб чиқиш, уларнинг йўлига ғов бўладиган тўсиқларнинг олдини олиш эди.

Бугун очиқ юз билан айта оламанки, матбуот ҳақиқатдан тўртинчи ҳокимият даражасига етиб келди. Тўртинчи ҳокимиятнинг рецептини қарайдиган бўлсак, ҳозирги матбуот қилаётган ҳамма ишлари билан тўғри келади.

Албатта, етуклик ва комилликнинг чегараси йўқ, зўрдан зўр бўлиш истаги доим бўалди, ҳамма вақт бу камдай туюлаверади. Ҳамма нарса солиштирганда билинади, матбуотнинг муаммолари ҳам етарли ва қалашиб ётибди. Лекин, шундай бўлишига қарамасдан, бугун матбуот ўзи учун туриб бера оляпти. Бугун матбуот жуда нозик ва жиддий масалаларни кўтара оляпти.

Олдин президентга [«Шоввозсой» ҳақида] бунақа савол бериш тугул, президентнинг олдида, нафақат президент олдида, балки жамиятда ва интернетда ҳам гапиришнинг имкони бўлмасди. Энди давр ўтиб, ўша вақтлар тез унутилиб кетиб, бугунги кунимиз оддий ҳаётдай туюлавераркан. Лекин бу нарсаларни тепасида турган президентимиз бош бизнинг жамоамиз ҳам очиқлик сиёсатига қанчалик машаққатли ва осон бўлмаган йўллар билан эришганимизни билиб турган одам сифатида, бу нарсалар тез унутилиб кетмаслигини хоҳлаймиз. Ҳар доим солиштириб, кечаги кунни унутмаслигимиз керак», – деди Алламжонов.

Тўлиқ интервью билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

Мавзуга оид