Ушбу маҳалла Узун ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилганига 40 йилча бўлиб қолди. Маҳалла ҳудудига кираверишда маҳалладан 300 метр нарида жойлашган Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасининг оқова ва канализация сувларини тозалаш иншооти жойлашган.

Айни пайтда тозалаш иншооти ўрнига янгиси ўрнатилган, бироқ маҳалла аҳлининг сўзлаб беришича, эскиси ҳам ишлатилмоқда ва қўланса ҳиддан маҳалладагилар азият чекишмоқда.

Ўзи кўп йилдан буён врач бўлиб ишлаб келаётган Ҳидоят Жалилованинг айтишича, қўланса оқова сувлар яхши тозаланмасдан, дам-бадам эски иншоотдан ошиб-тошиб кетади. Атрофни сув босади. Бутун маҳаллага қўланса ҳид таралади. Албатта, бу санитария меъёрларига ҳам зид. Қолаверса, ҳудуд Тўпаланг дарёсига яқин.

Маҳалла водопровод тармоғига уланмаган. Ҳудуднинг ери тошлоқ, 5-6 метрдан сув чиқади. Барча ер ости сувидан кундалик турмушда фойдаланиб келмоқда. Канализациядан тошиб чиқаётган оқова сувлар улар истеъмол қилаётган сифатсиз сувнинг сифатини янада баттар аҳволга солмоқда.

Тозалаш иншоотига хизмат кўрсатувчи ходимлардан бири Отамурод Мирзаев вазиятни сал бошқачароқ ифодалади.

О.Мирзаевнинг сўзларига кўра, янги тозалаш иншооти маҳаллий халқнинг аризаларидан сўнг қурилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилган. Лекин биз борган кундан сал олдин содир бўлган воқеага тушунмовчилик сабаб бўлган. Оқова сув эски иншоотга ҳайдалган ва у тошиб чиққан. Янги иншоот оқова сувни тўлиқ қайта ишлай олади, сув ажратиб, тозаланиб, хлорланиб, Тўпаланг дарёсига чиқариб юборилади.

Маҳаллада яна бир ҳолга кўзимиз тушди: биз боришимиздан сал аввал маҳалладаги дайди итларни заҳарлаб кетишган экан. Шу ердаги икки аёл катта кўчада ўлиб ётган итлардан бирини кўз ўнгимизда нарироққа — тозалаш иншооти ёнига олиб бориб ташлашди: сассиқ жойда сасигани билинмас, дегандек.