Иқтисодиёт | 20:45 / 25.03.2021
6231
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда қайси ҳудудлар маҳаллий бюджетга энг кўп даромад ёки харажат келтириши бўйича прогнозлар маълум қилинди

Жорий йилда маҳаллий бюджетга энг кўп даромад келтирувчи ҳудуд –Тошкент шаҳри, энг кўп харажат келтирувчи ҳудуд эса Қашқадарё вилояти бўлиши прогноз қилинмоқда.

Молия вазирлиги Ўзбекистон маҳаллий бюджетлар даромадлари, харажатлари ва тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг 2021 йил учун прогнозларини маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилда маҳаллий бюджетлар даромадлари жами 29,7 триллион сўмни, харажатлари 40,2 триллион сўмни ташкил этади. Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар эса 10,4 триллион сўм бўлиши белгиланган.

Хусусан, жорий йилда энг йирик даромад Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади ва қарийб 4 триллион сўмни ташкил этади. 

Кейинги навбатда Тошкент вилояти даромади 3 триллион сўмни, Фарғона вилояти 2,9 триллион сўм, Самарқанд вилояти 2,6 триллион сўм, Қашқадарё 2,4 триллион сўм, Андижон вилояти 2,3 триллион сўм бўлиши келтирилган.

Вазирлик маълумотига кўра, даромадлар қиймати мобил алоқа хизматлари ва алкогол маҳсулоти, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича тушумлар ҳисобидан ажратиладиган маблағларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган.

2021 йилда маҳаллий бюджетлар харажатлари энг кўп йўналтириладиган ҳудуд – Қашқадарё вилояти бўлиб, 4,1 триллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, Тошкент шаҳри 4 триллион сўм, Фарғона вилояти 3,8 триллион сўм, Самарқанд 3,7 триллион сўм, Андижон ва Наманган вилоятлари 3,2 триллион сўмдан, Сурхондарё вилояти 3 триллион сўм харажат қилиши кутилмоқда.

Бунда маҳаллий бюджетлардан сўндириладиган давлат қарзига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар ҳам ҳисобга олинган.

Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар энг кўп ажратиладиган ҳудудлар – Қашқадарё вилояти (1,5 триллион сўм), Сурхондарё вилояти (1,3 триллион сўм), Наманган вилояти (1,3 триллион сўм) ва Самарқанд вилояти (1,1 триллион сўм) бўлиши прогноз қилинмоқда.

Маълум қилинишича, 2020 йилдан бошлаб маҳаллий давлат органларининг маҳаллий бюджетларни шакллантириш бўйича ваколатлари кенгайтирилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари келгуси йил учун мўлжалланган тегишли бюджет лойиҳаларини киритади. Шу билан бирга, Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари маҳаллий бюджетлар тўғрисида қарор қабул қилади.

Аввалроқ, 2020 йилда ҳудудлар бўйича давлат бюджетига тушган тушумлар миқдори маълум қилинганди. Унга кўра, энг кўп тушумлар Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид