Коронавирусга қарши ихтиролар ва камбағал дунё олдидаги патент тўсиғи. Халқаро ҳуқуқ нима дейди?
Халқаро нормаларга асосан, ҳозирги пандемия шароитида бирор-бир ихтиро Covid-19га қарши курашда қўл келса, унга нисбатан ҳуқуқ эгасининг розилиги олинмай, сўзсиз мажбурий лицензия тартиби қўлланиши лозим. Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича эксперт Абдумўмин Юлдашов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.
Инсоният асрлар давомида ўз бошидан турли эпидемияларни ўтказган, ҳозир ҳам коронавирус пандемияси давом этмоқда. Ечим – вирусларга қарши препаратлар ва вакциналар. Аммо патентланган фармацевтик воситалар паст ва ўрта даромадли давлатлар учун қимматлик қилади. Шундай вазиятда қонунлар, халқаро меъёрлар уларга ён босади.
Охирги 1-1,5 йил мобайнида жаҳонни қамраб олган Covid-19 пандемияси бугунги кунда ҳам дунё аҳолисини ваҳимада ушлаб турибди. Пандемия давом этаётган бўлса ҳам, вирусни жиловлашнинг энг самарали усули – турли вакциналар ихтиро қилиниб, синовдан ўтказилмоқда, кўплаб давлатларда вакциналарни оммавий қўллаш ҳам аллақачон бошланди.
Ихтиролар ва тарих
Ҳозир фармацевтика йўналишидаги ҳар бир ихтиро дунёни коронавирус пандемиясидан қутқаришда муҳим. Коронавирус каби тарихда бўлган турли эпидемиялар ва юқумли касалликларни енгиш даврида ҳам ихтиролар инсонлар ҳаётини сақлаб қолган.
Масалан, англиялик шифокор Эдуард Женнер 18-аср охирида бутун дунёда кенг тарқалган сувчечак касалигига қарши дастлабки вакцинани яратиб, инсонлар ҳаётини асраб қолган. Ўша даврда бу касалликнинг ўзидан 40 миллион инсон ҳалок бўлгани Эдуард Женнернинг ихтироси қанчалик муҳим бўлганини кўрсатади.
Тарихда яна бир ихтирочи – ақшлик вирусолог Жонас Солк 1955 йилда илк бор полиомиелитга қарши вакцинани ихтиро қилган ва у ўзининг бу ихтиросини патентлашдан воз кечган. Жонас Солкнинг вакцинаси патентланмагани ундан барча эркин фойдаланишига йўл очиб берган ва ижтимоий мулкка айланган вакцина дунёда касалликдан зарарланиш ҳолатларини 96 фоизга пасайтирган.
Ҳисоб-китобларга кўра, агарда Жонас Солк ўз вакцинасини тижоратлаштирганда у 7 млрд АҚШ доллари миқдорида даромад топган бўларди.
Яна бир америкалик олим Альберт Сейбин ҳам полиомиелитга қарши вакцинасидан фойдаланиш учун бепул асосда лицензия берган ва кейинчалик ундан ижтимоий мулк сифатида фойдаланишни назорат қилиш ваколатини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ихтиёрига топширган. Олимларнинг бу ташаббуслари вакциналарни жиловлашга ёрдам берган.
Ихтиролар ҳимояси – қонунларда
Олимларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда интеллектуал мулк яратувчилари, яъни ихтирочиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан ҳимоя қилинишини унутмаслик лозим.
Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 169-моддасида интеллектуал мулк объектлари ҳам мулк сифатида белгиланган. Мутлақ ҳуқуқ объекти бўлган интеллектуал фаолият натижаларидан бошқа шахслар фақат ҳуқуқ эгасининг, яъни патент тегишли бўлган юридик ёки жисмоний шахснинг рухсати билангина фойдаланиши мумкин.
Лекин интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ва миллий ҳужжатлар лозим бўлган ҳолларда патент билан муҳофаза қилинган ихтиролардан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланишга рухсат беради. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, патентлар билан муҳофаза қилинаётган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда қўллаш патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши сифатида эътироф этилмайди.
Бу норма аҳоли соғлиғини сақлашнинг устувор тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Вирусга қарши препаратлар оммалашиши
Тарихда турли вируслар тарқалиши ва уларнинг жиловланишида тиббий препаратларнинг, вакциналарнинг нархи пасайиши муҳим бўлган.
Масалан, 2001 йилдан 2010 йилгача ОИВ, туберкулез, қизамиқ каби юқумли касалликларга қарши дори воситаларининг нархи даромади ўрта ва паст бўлган мамлакатларда деярли 99 фоизга тушган. Юқори фаолликдаги вирусга қарши препаратлар (АРВ) 2000-йиллар бошида киши бошига даромади ўрта ва паст бўлган давлатларда 10-15 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2010 йилга келиб уларнинг нархи 60-100 АҚШ долларгача тушган.
Вирусларга қарши препаратларнинг нархи тушиш жараёни биринчи навбатда турли дори воситаларини чиқарувчи компаниялар сони ошиши билан характерланса, яна бир жиҳати интеллектуал мулк билан боғлиқдир.
Аҳоли соғлиғини таъминлашда Жаҳон Савдо Ташкилотининг ТРИПС битими (Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо жиҳатлари бўйича халқаро келишув) муҳим ўрин тутади.
ТРИПСда бир қатор нормалар мавжуд бўлиб, улар аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида асосий дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган. Улар «ТРИПС битимининг мослашувчан қоидалари» туркумидан ўрин олган. Лекин ТРИПС битими қабул қилинганидан 2000-йиллар бошигача даромади паст мамлакатларнинг ушбу мослашувчан қоидаларни қўллаш билан боғлиқ ҳаракатлари зое кетган.
2001 йилда Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган ЖСТнинг вазирлар конференциясида «ТРИПС битими ва жамият саломатлиги бўйича Доҳа декларацияси» қабул қилинган. Айнан шу декларация дори воситаларидан фойдаланишга имконият яратиш бўйича «ТРИПС битимининг мослашувчан қоидалари»нинг амалда бўлишига шароит яратган. Декларация қоидаларида форс-мажор ҳолатлари қатори эпидемия шароитида даромади ўрта ва паст бўлган мамлакатларга зарур тиббиёт маҳсулотларини мажбурий лицензия асосида бериш қайд этилган.
Шундан сўнг 2001-2016 йиллар давомида патент билан муҳофазаланган ихтиролардан фойдаланиш учун 176 та мажбурий лицензия олинган. Улар 14 турдаги турли касалликларга қарши курашда самара берган.
Интернет маълумотларига қараганда, ўтган йили италиялик шифокорлар коронавирусга чалинган беморларни даволашда, уларни кислород билан таъминлайдиган CPAP номли ниқобли бош кийимлар етишмаслиги сабабли патентга бўлган ҳуқуқларни бузса ҳам, унинг маълум бир қисмларини 3D шаклида ишлаб чиқаришга мажбур бўлишган.
Пандемиялар даврида истиснолар
Эпидемиялар даврида фармацевтик маҳсулотлардан фойдаланишда истиснолар бўлиши кераклиги эътибордан четда қолмаган. Масалан, ЖСТни тузиш билан боғлиқ Уругвайда бўлиб ўтган музокараларнинг бошланишида ҳам иштирокчи давлатларнинг деярли 50таси фармацевтика воситаларини патент билан муҳофаза қилмаслик таклифини билдирган эди.
Пандемия ҳолатларида мамлакатлар дори воситалари ва патент олинган ихтироларга нисбатан ҳуқуқ эгасидан рухсат олмаган ҳолда мажбурий лицензия бериш тамойилини қўллайди. Ҳозирги заруриятда ҳам агар бирор-бир тиббий восита Covid-19 вирусини даволашда қўл келиши мумкин бўлса, унга нисбатан сўзсиз мажбурий лицензия тартиби қўлланилади.
Канадада коронавирус билан боғлиқ воқеалар фонида, Канадада тиббиёт воситаларига нисбатан мажбурий тартибда лицензия берилишини тезлаштиришга қаратилган тегишли қонун ҳужжати ҳам қабул қилинди.
Тадқиқотларга кўра, «ТРИПС битимининг мослашувчан қоидалари»дан, яъни фармацевтика маҳсулотларидан фойдаланишни осонлаштириш тартибидан жануб давлатлари: Бразилия, Аргентина, Ҳиндистон кўп фойдаланган бўлса, Шарқий Европа, Кавказорти ва Марказий Осиё давлатлари ушбу тизимдан фойдаланишмаган.
Ўзбекистонда ҳам бу қоида 2002 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топган.
Айтиш мумкинки, интеллектуал мулк нафақат ўз эгаси учун даромад манбайи, балки зарур бўлганда жаҳон аҳолиси учун турли касалликлар ва бошқа фавқулодда ҳолатларни бартараф этишнинг сўнгги тиргаги вазифасини ҳам ўташи мумкин. Бунда ихтиронинг муҳофазасини таъминлаш билан бир қаторда, ундан бошқа шахслар фойдаланишига мавжуд тартиб ва умумэътироф этилган инсоний қадриятлар нуқтайи назаридан рухсат бериш муҳим аҳамиятга эга.
Сабаби зарур дори воситаларидан фойдаланиш учун имкониятнинг етарли бўлмаслиги фақат соғлиқни сақлаш тизимининг эмас, балки интеллектуал мулк ва гуманитар ҳуқуқ билан ҳам боғлиқ муаммодир.
Абдумўмин Юлдашов
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори,
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Арбитраж ва медиация маркази ёш аъзоси
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
21:45 / 10.06.2024
“Ўнлаб қўшиқчилар устидан судга ариза киритганмиз” – Авазбек Олимовни судда ютган шоира
09:58 / 26.04.2024
Ўзбекистон АҚШнинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қора рўйхатидан чиқарилди
18:50 / 24.04.2024
Хонанда Авазбек Олимовдан интеллектуал мулк ҳуқуқини бузгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда
19:48 / 04.04.2024