«Заковат» интеллектуал ўйинларига саралаш бўйича навбатдаги кастинг 25 март куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
«Ice Arena» муз саройида бўлиб ўтган кастинг очилишида Масс-медиа фонди раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева сўзга чиқди.
Мирзиёеванинг сўзларига кўра, 15 мингдан ортиқ заковатчидан бор-йўғи 3,5 минг нафари, яъни чорак қисми – аёл-қизлар.
«Оилада ўғил туғилса, ҳамманинг боши осмонга етади, хурсандчиликнинг чеки бўлмайди! Қиз бола туғилса-чи?!
«Ҳа, майли, кейингиси ўғил бўлар» – деб, «кўнгилни кўтариб» қўйишади. Қиз бола бировнинг омонати-да, вояга етказиб, узатамиз-қутуламиз. Хўп, балки ўқитармиз ҳам. Фақат ўзи ҳаракат қилиб, бюджетга илинса!
Ўғил болани эса ўқитиш шарт! Контрактга бўлса ҳам майли. Чунки ўғил – оила вориси, ота-она қариганида суянчиқ, деймиз.
Миллатнинг қудратли бўлишида аёллар ўрни ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Юрт тараққиёти, цивилизация ривожи хотин-қизларга боғлиқ эканини-чи?
Тўғри, барча давлатларни, демакки, бутун жаҳонни асосан эркаклар бошқаради. Аммо ҳар қандай эркакни шакллантирадиган – аёл, она!
Она қандай бўлса, тарбия натижаси ҳам шундай бўлади! Илмли, маданиятли, дунёқараши кенг онанинг фарзанди ҳам ўзига ўхшайди.
Гўдак атроф-оламни аввало онасининг кўзи билан кўради. Нима яхши-ю нима ёмон, нимага интилиш керак, мақсадга қандай эришмоқ лозим – барчасини онасидан ўрганади. Агар онанинг ўзи бу борада намуна бўлолмаса-чи? У фарзандини қандай қилиб тўғри йўлга солиши мумкин?!

Эркак киши ҳар куни оилани боқишдек юкни елкасига ортиб, кўчага кетади. Унинг ортидан дуо қилиб, уйда қоладиган ҳам, фарзандлар тарбияси билан шуғулланадиган ҳам аёлдир!
Менинг бувижоним (дадамнинг оналари) эрта оламдан ўтганлар. Дадам етим қолганларида 9 ёшли гўдак эдилар. Албатта, бу мусибатни кўтариш жуда оғир бўлган. Соғинчдан юраклари эзилиб кетганида ҳам, бирор нимадан қаттиқ куюнганларида ҳам, доим оналарининг қабрини зиёрат қилганлар. Хаёлан дардлашганлар... Маслаҳат сўраганлар... Ва... яшаш учун, олға юриш учун ўзларида куч топганлар. Катта ютуқларга эришсалар, раҳматли бувижонимнинг руҳлари шод бўлишига ишонганлар. Ҳозир ҳам шундай.














